Ўзбекистонда автотранспорт воситалари сони 5 миллионга яқинлашди
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳолининг шахсий транспорт воситаларига бўлган эҳтиёжи сезиларли даражада ортмоқда. Иқтисодий фаолликнинг кенгайиши, шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги қатновларнинг кўпайиши, шунингдек, аҳоли турмуш даражасининг яхшиланиши натижасида автотранспорт воситалари сони йилдан-йилга ўсиб бормоқда.
Бугунги кунда автомобиль нафақат ҳаракатланиш воситаси, балки оилавий қулайлик, тадбиркорлик фаолияти ва кундалик эҳтиёжларни қондиришнинг муҳим омилига айланган.
Миллий статистика қўмитасининг сўнгги маълумотлари ҳам мамлакатда автомобиллашув жараёни жадал кечаётганини кўрсатади. 2026 йил 1 апрель ҳолатига Ўзбекистонда жисмоний шахслар номида рўйхатдан ўтган автотранспорт воситалари сони 4 миллион 903,1 мингтани ташкил этди. Бу кўрсаткич мамлакат аҳолисининг шахсий транспортга бўлган эҳтиёжи ва имкониятлари тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Таҳлилларга кўра, бир йил давомида аҳолига тегишли автотранспорт воситалари сони 344,6 мингтага кўпайган. Бу эса мамлакатда автомобиль бозори фаоллашаётгани, аҳоли даромадлари ва транспорт инфратузилмасининг ривожланиши билан ҳам боғлиқ.
Рўйхатдан ўтган транспорт воситаларининг асосий қисмини енгил автомобиллар ташкил этмоқда. Уларнинг улуши умумий транспорт воситалари сонининг 92,8 фоизига тенг бўлиб, жами 4 миллион 552,3 мингта енгил автомобиль аҳоли тасарруфида.
Қолган қисми қуйидагича тақсимланган: юк автомобиллари — 330,3 мингта, микроавтобуслар — 7,5 минг, махсус транспорт воситалари — 7,2 минг дона, автобуслар — 5,8 мингтани ташкил этади. Бу рақамлар аҳоли томонидан асосан шахсий мақсадларда фойдаланиладиган енгил автомобилларга талаб юқори эканини тасдиқлайди.
Қайд этилишича, транспорт воситалари сонининг ортиши аҳоли мобиллигини таъминлаш, иқтисодий фаолликни кучайтириш ва ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни яхшилашга хизмат қилади. Шу билан бирга, автомобиллар сонининг кўпайиши йўл инфратузилмасини янада такомиллаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш ва экологик муаммоларнинг олдини олиш каби вазифаларни ҳам долзарб қилиб қўймоқда.
Айниқса, йирик шаҳарларда транспорт оқими йил сайин ошиб бораётгани янги йўллар қуриш, жамоат транспортини ривожлантириш ҳамда замонавий транспорт бошқарув тизимларини жорий этиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА