Ўзбекистон журналистлари уюшмаси Баликесир журналистлар жамияти билан ҳамкорлик қилади
Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси вакиллари Туркиянинг Баликесир шаҳрида Баликесир журналистлари жамияти ташкил этилганининг 10 йиллиги муносабати билан ўтказилган маросимда иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси, таниқли ижодкор Шуҳрат Орипов мамлакатларимиз ўртасида медиа соҳасидаги ҳамкорлик ривожланаётганини таъкидлаб, Жамият раҳбарияти ва унинг аъзоларини сана билан табриклади.
Маросим доирасида Баликесир журналистлари жамияти раиси Семра Аман Акюрак билан ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди. Жумладан, Жамият ва Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Бухоро вилоят бўлими ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишилди.

Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорлик турли йўналишларни қамраб олиши мумкинлиги эътироф этилди. Хусусан, журналистлар малакасини ошириш, рақамли медиа, сунъий интеллект ва янги технологиялар бўйича ўқувларни биргаликда ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ҳамкорлик доирасида Бухоро ва Баликесир шаҳарларида медиафорумлар ўтказиш, журналистлар ва медиа ходимлари учун семинар-тренинглар, мастер-класслар ва онлайн таълим дастурларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатлари, тарих, маданият, адабиёт, туризм, иқтисодиёт ва гуманитар алоқаларни оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритишга оид қўшма медиа лойиҳалар муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, келгусида журналистика этикаси, ишончли ва холис ахборот тарқатиш, фактларни текшириш, медиа саводхонлик ва дезинформацияга қарши кураш соҳаларида ҳамкорлик қилиниши мумкин, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон журналистлари уюшмаси ахборот хизмати.
Н.Усмонова, ЎзА