Ўзбeкистон – Япония: Амалий ҳамкорликка йўналтирилган мулоқот
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги алоқалар сўнгги йилларда сифат жиҳатидан сезиларли даражада ўсиб, оддий дипломатик мулоқотдан кенг қамровли стратегик шериклик даражасига ўтмоқда. Бу жараён, энг аввало, юқори даражадаги сиёсий учрашувлар мунтазам фаоллашувида яққол кўринади. Масалан, шу ой бошида Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Япония ташқи ишлар вазири ўринбосари Арфия Эри билан учрашиб, ҳамкорликни кенгайтириш, олий даражадаги ташрифларда эришилган келишувларни амалий босқичга олиб чиқиш ва сиёсий мулоқотни институционал асосда мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Шу жиҳатдан бу ташрифни шунчаки протокол учрашуви эмас, балки икки давлат муносабатларининг янги босқичини ифодаловчи муҳим воқеа сифатида баҳолаш мумкин.
Музокарада “Марказий Осиё + Япония” формати доирасида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Яшил иқтисодиёт, энергетика, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш устувор йўналишлар сифатида эътироф этилди. Учрашув якунида мавжуд дастурларни кенгайтириш, янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва вазирликлараро мулоқотни тизимли йўлга қўйишга келишилди. Демак, ҳамкорлик сиёсий баёнотлар даражасидан чиқиб, аниқ натижа ва механизм асосида ривожлана бошлади.
Умуман, сўнгги йилларда бу жараён изчиллик касб этган. 2024 йил икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланиб, сиёсий маслаҳатлашув, иқтисодий алоқани кенгайтириш ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш йўналишлари белгиланган. 2023-2024 йилларда эса Япония Ўзбекистонда транспорт, энергетика ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳаларни йўлга қўйди.
Япония кўпйилдан бери Ўзбекистоннинг ишончли иқтисодий ҳамкори бўлиб келмоқда. JICA орқали амалга оширилаётган лойиҳалар, имтиёзли кредитлар ва техник кўмак дастурлари мамлакат инфратузилмасини модернизация қилиш, саноатни ривожлантириш ва инсон капиталини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энергетика тизимини янгилаш, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги қўшма дастурлар ҳамкорликнинг амалий натижасини ифодалайди.
Токио минтақага таъсирини ҳарбий-сиёсий йўлбилан эмас, балки иқтисодий дипломатия, технология ҳамкорлиги ва “юмшоқ куч” унсурлари ёрдамида мустаҳкамлашга интиляпти. Шу боис вазир ўринбосари даражасидаги ташрифлар кун чиқар юрт учун оддий дипломатик мулоқот эмас, балки узоқ муддатли стратегик манфаатни илгари суриш воситаси сифатида кўрилади.
Ўзбекистон учун Япония билан ҳамкорлик ташқи сиёсатдаги кўп қиррали ва прагматик моделнинг муҳим қисми ҳисобланади. Глобал беқарорлик шароитида ишончли ва технологик жиҳатдан ривожланган шериклар билан алоқани мустаҳкамлаш мамлакат тараққиёти учун жуда зарур. Япония билан ҳамкорлик республикамизга юқори технология жалб этиш, инвестицияни кенгайтириш ва замонавий бошқарув тажрибасини ўзлаштириш имконини бермоқда.
Минтақавий даражадаги алоқалар ҳам аҳамиятга эга. “Марказий Осиё + Япония” формати доирасидаги ташаббуслар минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ва давлатлар ўртасидаги боғлиқликни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Айни ёндашувюртимизнинг минтақадаги фаол ташқи сиёсий мавқеини мустаҳкамламоқда.
Мутахассислар фикрича, бугунги босқичда Ўзбекистон–Япония муносабатлари ўзига хос ҳамкорлик модели сифатида шаклланмоқда. Унда ўзаро манфаат, иқтисодий самарадорлик ва узоқ муддатли барқарорлик устувор ўрин тутади. Бу модель замонавий халқаро муносабатларда долзарб аҳамият касб этиб, келгусида ҳамкорликнинг янада кенгайишига замин яратади.
Хулоса қилиб айтганда, 2026 йил 1 майдаги учрашув Ўзбекистон – Япония муносабатларининг янги босқичга ўтаётганини яққол кўрсатди. Энг муҳими, бу ташриф ҳамкорликнинг амалий мазмун касб этаётганини, яъни аниқ лойиҳалар, инвестициялар ва институционал механизмлар орқали мустаҳкамланаётганини тасдиқлади. Бу эса икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг узоқ муддатли ва барқарор ривожланишига хизмат қиладиган муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда.
Дурдона Тошбоева,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
“Халқаро муносабатлар” кафедраси таянч докторанти