Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Хива шаҳрида Биринчи Ўзбекистон–Туркманистон ёшлар форуми бўлиб ўтди.
Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳамда Махтумқули номидаги Туркманистон ёшлар ташкилоти Марказий Кенгаши раисиً Язпўлат Кериев сўзга чиқиб, барча иштирокчиларни табриклади.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон ёшлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани, ушбу муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ёшлар учун янги имкониятлар яратиш ҳамда истиқболли ташаббус ва лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
[gallery-31036]
Форум доирасида делегация аъзолари Хоразм вилоятида ёшлар учун яратилган замонавий имкониятлар ва амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, Олимпия маҳалласида янгидан барпо этилган Сунъий интеллект маскани, Ватанпарварлик маскани, Уч авлод боғи, Ақлли устун, Бошқарув сервис компанияси, новвойхона ҳамда буюртмалар марказлари фаолияти билан танишиб, ҳудудда аҳолига ва ёшларга яратилаётган замонавий шароитларни кўздан кечирдилар.
– Ташрифимиз давомида Ал-Хоразмий мажмуаси жойлашган Урганч шаҳар Ёшлар маркази биноси, унинг фаолияти ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалари билан танишдик, – дейди Туркманистон ёшлар кенгаши бош мутахассиси Абат Муҳаммедова. – Шунингдек, замонавий ДАТА таълим станцияси фаолияти ҳам бизда катта таассурот қолдирди. “ЛухФабриc” тикув фабрикасининг ишлаб чиқариш фаолияти ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлари билан ҳам яқиндан танишдик.
Ёшлар форуми доирасида икки мамлакатнинг ёшлар билан ишлаш соҳасидаги тажрибаси, амалга оширилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан тақдимотлар ва мулоқотлар ташкил этилди.
Мазкур ташриф ҳамда Ўзбекистон – Туркманистон ёшлари форуми қардош ёшлар ўртасида тажриба алмашиш, илғор лойиҳаларни ўрганиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим майдон бўлди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари