Ўзбекистон ва Туркия партиялараро алоқалар мустаҳкамланмоқда
Бугун Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов ҳамда Туркия Республикасининг “Буюк бирлик” партияси раиси Мустафо Дестижи бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда партиялараро мулоқотни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Партия етакчиси А.Ҳаитов меҳмонларни ташриф билан қутлар экан, жорий йилда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганига ўттиз йил тўлишини алоҳида қайд этди. Икки мамлакат муносабатлари мустаҳкам тарихий-маданий ва маънавий илдизларга таянишини, биродар халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик ришталар бугунги кунда иқтисодиёт, инвестиция, таълим ва маданият соҳаларини қамраб олган кенг қамровли стратегик шериклик форматида янги мазмун билан бойиётганини таъкидлади.
Ўтган давр мобайнида икки томонлама муносабатлар анъанавий алоқалардан ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлашга асосланган тўлақонли стратегик шериклик босқичига кўтарилгани, биргина 2025 йилда товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард долларга етгани, Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокида 2 мингдан ортиқ корхона фаолият юритаётганини айтиб ўтди.
[gallery-29202]
Ўз навбатида, Мустафо Дестижи Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолади. Ўзбекистон туркий дунё оламида маданият, маърифат, ислом дини маркази сифатида ўз ўрнига эгалигини, Самарқанд, Бухоро сингари тарихий шаҳарлари зиёратчиларни ўзига жалб этиши билан эътиборга молик эканини таъкидлади. У “Буюк бирлик” партияси миллий бирлик, ижтимоий адолат ва маънавий қадриятларни асраш тамойилларига таянган ҳолда, қардош туркий халқлар билан алоқаларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратаётганини қайд этиб ўтди.
Мулоқот чоғида Туркий давлатлар ташкилотининг кўп томонлама ҳамкорлик майдони сифатидаги ролига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу тузилма сўнгги йилларда институционал жиҳатдан мустаҳкамланиб, савдо-иқтисодий, илмий-таълим ва маданий соҳаларда ўнлаб аниқ лойиҳалар билан бойиётгани эътироф этилди.
Ўзбекистон томони “Буюк бирлик” партиясининг туркий халқлар ўртасида яқин ҳамкорлик ғояларини илгари суриш ва маданий ўзликни сақлаш борасидаги фаолиятига юксак ҳурмат изҳор этди. Партиялараро ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилиш доирасида келажакдаги асосий фаолият йўналишлари белгилаб олинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқлилик тамойиллари асосида манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Муҳтарама Комилова,
Фарҳод Абдуллаев (сурат),
ЎзА