Ўзбекистон ва Туркия инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов Туркия ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши (DEİK) ҳузуридаги Туркия - Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши раиси Ўзгюр Онур Ўзгювен билан учрашди.
Учрашувда хусусийлаштириш жараёнларига туркиялик инвесторларни жалб қилиш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида томонлар ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ҳужжат Туркия компанияларини хусусийлаштириш жараёнлари ҳақида хабардор қилиш, инвестициявий таклифлар алмашиш ва ўзаро ҳамкорликни тизимли йўлга қўйишни назарда тутади.
Келишув доирасида декабрь ойида Туркия инвесторлари учун Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига бағишланган махсус панель сессиясини ўтказиш таклиф этилди. Унда истиқболли давлат активлари ва уларни харид қилиш шартлари тақдим этилади.
Агентлик директори Президентимизнинг соҳага доир тегишли фармони ижроси доирасида 2026-2027 йилларда 84 та корхонадаги давлат улушлари, 1 242 та кўчмас мулк объекти ва қарийб 8 минг гектар ер майдони савдога чиқарилишини маълум қилди. Уларнинг умумий қиймати қарийб 100 триллион сўмни ташкил этади.
Инвесторлар учун актив қийматини олти ойда тўлиқ тўлаганда 25 фоиз чегирма, етти йилгача фоизсиз бўлиб тўлаш ва камида 50 фоиз тўловдан сўнг объектни реконструкция қилиш имкониятлари мавжуд.
Сўнгги йилларда туркиялик инвесторлар Ўзбекистонда қиймати қарийб 366 миллион доллар бўлган 30 дан ортиқ давлат активини харид қилган.
Агентлик ахборот хизмати маълумотига кўра, меморандум икки мамлакат ўртасида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, хусусийлаштиришга хорижий сармояларни жалб этиш, корхоналарни модернизация қилиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш учун қўшимча имкониятлар очади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА