Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари самарали музокаралар натижаларини сарҳисоб қилдилар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Кўксарой қароргоҳида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши якунлари юзасидан фикрлари билан бўлишдилар.
Мамлакатимиз етакчиси Ўзбекистон биродар Тожикистоннинг барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, инвестицияларни жалб қилиш, инфляцияни жиловлаш ва аҳолининг реал даромадларини ошириш борасида эришаётган юксак натижаларидан чин дилдан мамнун эканини таъкидлади.
Тожикистон Ўзбекистон учун ишончли стратегик шерик ва иттифоқчидир. Мамлакатларимиз мақсадлари, қараш ва интилишлари муштарак экани, икки томонлама муносабатлар сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда жадал ривожланаётгани таъкидланди.
Парламентлар ва ҳукуматлар, ҳудудлар раҳбарлари ва зиёлилар даражасида мунтазам учрашувлар ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб бир миллиард долларга етди. Саноат кооперацияси жадал ривожланмоқда. Ҳозирда мамлакатимизда 500 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.


Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Пойтахтлар ўртасида ҳафтасига ўнта авиарейс амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Президенти бугунги саммитга жиддий тайёргарлик кўрилганини маълум қилди.
Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, ҳудудлар, ректорлар, олимлар, ёшлар, таҳлил марказларининг форумлари, Тожикистон маданияти ва киноси кунлари, бошқа бир қатор муҳим тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.
Бугун бўлиб ўтган самарали музокаралар ҳамда Давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши давомида масалаларнинг кенг доираси муҳокама қилинди, кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва мақсадлари белгилаб олинди.
Барча даражаларда фаол алоқаларни давом эттириш, халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, Маслаҳат учрашувлари ва “Марказий Осиё плюс” форматлари доирасида мулоқотни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.


Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Икки мамлакат ҳукуматларига алоҳида дастур асосида товар айирбошлашни икки миллиард долларга етказиш бўйича амалий чоралар кўриш топширилди.
Шу мақсадда “Ойбек – Фотиҳобод” савдо зонасини ташкил этиш тезлаштирилади, энергетика, геология, металлургия, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа соҳаларда икки миллиард долларлик ташаббусларни ўз ичига олган Кооперация дастури амалга оширилади.
Томонлар ушбу лойиҳаларни илгари суриш учун Қўшма инвестиция компаниясининг салоҳиятидан фаол фойдаланишга келишиб олдилар.
Транспорт ва транзит соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Юк ташишда электрон рухсатнома бериш тизимини жорий этиш тўғрисида битим имзоланди, шунингдек, ҳаво ва темир йўл транспорти қатновларини кенгайтириш ҳамда чегара ўтказиш пунктларининг қувватини ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Ушбу ўзаро мувофиқлаштирилган чора-тадбирларнинг асосий мақсади – бизнес ва фуқаролар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш драйвери сифатида ҳудудлар салоҳиятини ишга солиш.


Сув ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик икки мамлакат алоқаларининг муҳим йўналиши ҳисобланади.
“Яшил” энергетика соҳасида йирик лойиҳаларни биргаликда илгари суриш ҳамда сув тақсимоти, сув иншоотларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш масалаларини мувофиқлаштиришга тайёрлик тасдиқланди.
Маданий-гуманитар алоқалар халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик кўприги бўлиб қолмоқда. Ҳамкорлик доирасида Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий дўстлиги ҳақида фильм тайёрланди, Янги Тошкентдаги кўчалардан бирига эса Душанбе шаҳри номи берилди.
Йиллик тақвим асосида таълим, туризм ва ёшлар йўналишларида фаол алмашинувларни давом эттириш нияти билдирилди.
Икки мамлакатдаги йирик ўзбек ва тожик диаспораларини қўллаб-қувватлаш, маданий марказларни кенг ривожлантириш, она тили, анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш мақсадида Маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик бўйича комплекс дастур тайёрланади.
Якунда ушбу тарихий ташриф натижалари иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаб, биродар мамлакатларимиз барқарор ривожланиши ва равнақига ҳар томонлама хизмат қилиши қайд этилди.