Ўзбекистон ва Швеция миграция соҳасида келишувга эришди
Ўзбекистон ва Швеция миграция соҳасида ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўйди. Имзоланган муҳим ҳужжатлар ўзбекистонликлар учун Швецияда қонуний ўқиш, ишлаш ва яшаш имкониятини кенгайтиради.
Ўзбекистон Республикаси ва Швеция Қироллиги ҳукуматлари “Миграция ва мобиллик тўғрисида”ги битим ҳамда соҳада синов дастурини амалга оширишга қаратилган қўшма декларацияни имзолашди. Шу тариқа ҳамюртларимиз ушбу юртда қонуний фаолият олиб бориши учун давлат томонидан кафолатланган мустаҳкам ҳуқуқий механизм шакллантирилди.
Мазкур келишув доирасида тиббиёт, техника, хизмат кўрсатиш ва парваришлаш йўналишларида фаолият юритувчи малакали мутахассисларни Швеция меҳнат бозорига тайёрлаш бўйича яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди. Энди номзод муҳожирларни швециялик иш берувчилар билан боғлаш бўйича аниқ механизм ишлаб чиқилади. Шунингдек, талабалар, докторантлар ва ёш тадқиқотчилар учун академик алмашинув дастурлари кўлами кенгайтирилиб, миграцияда иштирок этаётган фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча кафолатлар жорий этилиши кўзда тутилган.
Ҳужжатларда виза қоидасини соддалаштириш ҳамда дипломатик паспорт эгалари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этиш тартиби ҳам акс этган. Бундан ташқари ноқонуний миграция, одам савдоси ва ҳужжат қалбакилаштирилишининг олдини олиш бўйича умумий ҳаракат кучайтирилади. Халқаро миграция ташкилоти иштирокида амалга ошириладиган синов дастури орқали Швеция меҳнат бозори талаби чуқур ўрганилади, юртдошларимиз учун швед тилини ўрганиш ва касбий тайёргарликдан ўтиш имконияти яратилади. Ушбу битим икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг қонуний ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Ф.Яхшибоева, ЎзА