Ўзбекистон ва Сербиянинг дўстона муносабатлари икки халқ манфаатларига хизмат қилади
Сербия Республикасига ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Сербия Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт вазири Андриана Месарович билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Сербия Президентлари ўртасида шаклланган дўстона муносабатлар икки халқ манфаатларига хизмат қиладиган муҳим лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратаётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, давлат раҳбарларининг мамлакат тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатлари ва ислоҳотларга бўлган интилиши кўп жиҳатдан муштарак экани қайд этилди.
Андриана Месарович Сербия Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи ва олий даражадаги музокаралар давомида эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади. У Ўзбекистонга ташрифи чоғида мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва ҳамкорлик истиқболлари юқори эканига шахсан амин бўлганини билдирди.
Танзила Норбоева кейинги йилларда Ўзбекистон ва Сербия жадал ривожланаётган давлатлар қаторида эканини қайд этиб, икки мамлакатнинг мақсад ва интилишлари муштараклигини таъкидлади. Бу муштараклик, аввало, давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатларида яққол намоён бўлаётгани қайд этилди.

Музокараларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар изчил ўсиб бораётгани, кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми бир неча баробар ошгани мамнуният билан қайд этилди. Шу билан бирга, ҳамкорлик салоҳияти ҳали тўлиқ ишга солинмагани таъкидланиб, енгил саноат, қурилиш, туризм, креатив иқтисодиёт, ҳарбий-саноат соҳаси, таълим ва маданият каби йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, меҳнат миграцияси соҳасида тажриба алмашиш ва кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида имзоланган ҳужжатлар амалий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилиб, уларни ҳаётга самарали татбиқ этиш мақсадида ҳукуматлар ва парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигига урғу берилди.

Томонлар мамлакатлар манфаатларига хизмат қилувчи қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш, ҳамкорликка тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этиш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш бўйича яқин ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Норгул Абдуримова,
ЎзА