Ўзбекистон ва Сербия: Олий даражадаги мулоқот ва дипломатик алоқаларнинг янги босқичи
Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги дипломатик муносабат 1995 йил 5 январда ўрнатилган бўлиб, сўнгги 30 йил давомида доимий дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойили асосида ривожланмоқда.
Айниқса 2025-2026 йиллар давомида сиёсий мулоқот мутлақо янги суръат олди. Хусусан, 28-29 октябрь кунлари Сербия Республикаси Президенти Александр Вучичнинг Тошкентга амалга оширган илк расмий ташрифи доирасидаги олий даражали саммит ўзаро муносабат тарихида янги саҳифа очди. Музокаралар якунида давлат раҳбарлари томонидан сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Қўшма баёнот ҳамда қатор ҳукуматлар аро битимлар имзоланди.
Дипломатик муносабатни институционал ва ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш жараёнида 7 май куни Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги Битим расман кучга кирди. Шунингдек, ҳар томонлама мулоқотни мунтазам мувофиқлаштириб бориш учун Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашув механизми ва доимий фаолият олиб борувчи Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлар аро қўшма комиссия тузилди.
Жараённинг мантиқий ва самарали давоми сифатида Сербия ташқи ишлар вазири Марко Журич юртимизга ташриф буюриб, кун тартибидаги энг муҳим масалалар муҳокама қилинди. Умуман, тарихий воқеа сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга жавоб расмий ташрифи икки томонлама сиёсий ирода ва давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни нафақат минтақавий, балки дунё миқёсида ҳам манфаатли шериклик даражасига олиб чиқиши шубҳасиз.
Фардона Яхшибоева, ЎзА