Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси ёш парламентарийларининг биринчи форуми ўтказилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ёшлар — умумий тараққиёт ва тинчлик сари!” шиори остида Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси ёш парламентарийларининг биринчи форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат парламентлари вакиллари, ёш депутатлар, Ёшлар парламенти аъзолари, экспертлар иштирок этди.
Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов, Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий дастури раҳбари Андре Алгермиссен кириш сўзи билан очар экан, бугунги глобаллашув даврида ёшлар, шу жумладан ёш парламентарийларнинг ўрни ва масъулияти ортиб бораётганини алоҳида таъкидладилар.

Шунингдек, мазкур форум парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш, парламент дипломатиясини мустаҳкамлаш ҳамда ёш парламентарийлар ўртасидаги сиёсий мулоқотни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
Форумда Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси ўртасидаги кенг кўламли стратегик ҳамкорлик ривожланиб бораётгани эътироф этилиб, ёшлар парламент дипломатиясини ривожлантириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, бу жараёнда ёшлар иштирокини кенгайтириш, инновация, таълим, экология ва рақамли технологиялар соҳасида қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда парламент дипломатиясининг ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Форум давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти ва Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Тўрағаси ҳузуридаги Ёшлар кенгаши ўртасида Ҳамкорлик битими имзоланди. Бундан мақсад ёш парламентарийлар ўртасида доимий мулоқот майдонини шакллантириш, қонунчилик ташаббуслари юзасидан тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.
— Ёш парламентарийларнинг биринчи форуми Ўзбекистон ва Қирғизистон ёшлари ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очмоқда, десак янглишмаймиз, — дейди Ёшлар парламенти раиси Отабек Собитов. — Бу икки давлат раҳбарлари яратган дўстлик ва ишонч муҳитини ёшлар даражасида давом эттириш, парламент дипломатиясини янги мазмун билан бойитиш ва ёшлар ҳамкорлигини амалий натижаларга йўналтириш имкониятини беради. Ушбу форум икки мамлакат ёшлари ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш баробарида, келгусидаги доимий мулоқот учун мустаҳкам асос яратади ва Марказий Осиёда ёшлар ҳамкорлигининг янги босқичини бошлаб беради.

Қирғизистонлик ёш парламентарийлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти билан яқиндан танишди.
Шунингдек, “IT Park”, “Kreativ Park” ва Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, инновацион муҳит ва бой маънавий мерос билан танишди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА