Ўзбекистон ва Малайзия қишлоқ хўжалигида ҳамкор бўлади
Юртимизга ташриф буюрган Малайзия қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазири Датук Сери Ҳожи Муҳаммад бин Сабу бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди.
Меҳмонлар дастлаб Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Малайзия қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазири Ислом оламининг улуғ муҳаддиси Малайзияда ҳам юксак эъзозланиши, унинг бебаҳо асарлари чуқур ўрганилишини таъкидлади.
Самарқанд вилояти ҳокимлигида делегациянинг вилоят ҳокими Адиз Бобоев билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, истиқболли йўналишларда амалий ишларни бошлаш бўйича фикр алмашди. Асосий эътибор қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди.
Жумладан, юртимиз мева-сабзавотлари Малайзияда ҳам сифати ва хуштаъми билан алоҳида ўринга эгалиги қайд этилди. Шу боис қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.
– Қишлоқ хўжалиги соҳасида Малайзиянинг бой тажрибасини ўрганиш биз учун муҳим аҳамиятга эга, – деди вилоят ҳокими А. Бобоев. – Бу борада жорий йил Малайзияга ташрифимиз давомида ҳам масъуллар билан фикр алмашган эдик. Олий таълим муассасалари, қишлоқ хўжалик корхоналари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш соҳа ривожига хизмат қилиши шубҳасиз. Шунингдек, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари борасида ҳам ўзаро савдо-сотиқни амалга ошириш иккала томон учун манфаатли бўлади. Бизнинг сархил мева-сабзавотларимизга Малайзияда талаб юқори бўлса, бу давлатнинг бир қатор маҳсулотларига бизда ҳам талаб бор. Ўртадаги асосий муаммо логистика билан боғлиқ бўлмоқда. Айни пайтда биз ҳаво ва денгиз йўллари бўйича энг мақбул йўналишларни яратиш борасида иш олиб боряпмиз. Вилоятимизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш борасидаги салоҳияти жуда юқори. Амалга ошириладиган ҳамкорлигимиз истиқболли бўлишига ишонаман.
Малайзия қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига алоҳида тўхталди.
– Ўзбекистонга ташриф буюриш биз учун жуда муҳим, – дейди Датук Сери Ҳожи Муҳаммад бин Сабу. – Чунки биз ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишни ва савдо-сотиқни ривожлантиришни истаймиз. Айни пайтда ҳам Ўзбекистон билан савдо ва дипломатик алоқаларимиз яхши йўлга қўйилган. Аммо бугунги кун талаби ҳамкорликни янада яхшилашни тақозо этмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги жуда муҳим давлат. Айниқса, бу ернинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жаҳонда ўз ўрнига эга. Чунки бу юртнинг иқлими ўзгача. Шу боис, маҳсулотлар ўзига хос сифатга эга. Ўзбекистон ўзининг 38 миллионлик аҳолиси билан ҳам Марказий Осиёда муҳим давлат ҳисобланади. У минтақа марказида жойлашган. Ўзбекистон маҳсулотларимизни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва атрофдаги бошқа давлатларга, ҳатто Озарбайжонгача тарқатиш марказига айланиши мумкин. Шунинг учун Ўзбекистоннинг минтақадаги бош ҳамкоримизга айланишини истаймиз ва Малайзиянинг қишлоқ хўжалиги марказини шу ерда ташкил қилишни хоҳлаймиз.
Учрашув давомида ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичини амалга оширишдаги муҳим масалалар бўйича атрофлича фикр алмашилди. Малайзия томони жорий йилнинг 26 августидан 6 сентябрига қадар озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича йирик халқаро кўргазма ташкил этилаётганлигини маълум қилиб, ушбу кўргазмага Самарқанд делегациясини таклиф этди.
[gallery-29932]
Меҳмонлар ташриф давомида Самарқанднинг бир қатор тарихий обидалари билан ҳам яқиндан танишди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА