Ўзбекистон ва Малайзия: Ўзаро манфаатли йўналишларда амалий ҳамкорлик кенгайтирилади
Танзаниянинг Аруша шаҳрида бўлиб ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 153-ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Малайзия Парламенти Вакиллар палатаси Спикери Жоҳари бин Абдул билан учрашув ўтказди.
Унда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланаётгани қайд этилди. Ўзбекистон Президентининг 2025 йилда Малайзияга давлат ташрифи ҳамда Малайзия Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи икки томонлама муносабатларга муҳим туртки бергани таъкидланди.
Парламентлараро ва минтақалараро алоқаларни фаоллаштириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Икки мамлакат вакиллари иштирокида бизнес-форумлар мунтазам ўтказиб келинаётгани, Ҳукуматлараро комиссия доирасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилди.

Туризм соҳасида ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 7 та тўғридан-тўғри авиақатнов амалга оширилмоқда. Жорий йилда Ўзбекистонга ташриф буюрувчи малайзиялик сайёҳлар сони 20 минг нафарга етиши кутилаётгани билдирилди. Уларнинг Самарқанд ва Имом Бухорий меросига қизиқиши ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги алоқаларни кенгайтиришга ҳам эътибор қаратилди. Ўзбекистонда Малайзия маданияти кунлари, Малайзияда эса Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказиб келинмоқда. Айни пайтда Малайзиянинг турли олий таълим муассасаларида Ўзбекистондан минг нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда.

Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуаси икки мамлакат олимлари ва тадқиқотчилари ўртасидаги илмий-академик алоқаларни ривожлантириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги қайд этилди. Шунингдек, техник йўналишлар, қайта тикланувчи энергия ва замонавий технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро қўллаб-қувватлаш юқори баҳоланди. Малайзия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватлаётгани ҳамда БМТ доирасидаги ташаббусларга кўрсатаётган кўмаги учун миннатдорлик билдирилди.
Учрашув якунида томонлар парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш ва ўзаро манфаатли йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА