Ўзбекистон ва Латвия ўртасида янги ҳамкорлик, логистика имкониятлари ўрганилмоқда
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, мева-резаворларни етиштириш ва музлатиш, иссиқхоналар, биогаз ҳамда органик ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича халқаро ҳамкорлик имкониятлари кенгаймоқда.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Латвия ишбилармонлар делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув 8 октябрь куни Тошкентда ўтказиладиган бизнес-форум арафасида ташкил этилди.
Делегация таркибидан транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, инвестиция, кимё саноати, замонавий технологиялар, сертификатлаш ва яшил энергетика соҳалари вакиллари ўрин олди.
Музокараларда Рига эркин порти негизида Ўзбекистон – Латвия логистика хабини ташкил этиш, экспортчилар ва импортчиларни бирлаштириш, шунингдек, учинчи бозорларга биргаликда чиқиш масалалари муҳокама қилинди, дейилади Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маълумотида.
Шунингдек, сертификатлаш йўналишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Латвиянинг 115 йилдан ортиқ тарихга эга сертификатлаш ва синов маркази билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, қўшма корхона ёки филиал ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Латвия томонига «GSP+» тизими доирасида Европа бозорига чиқиш имкониятлари, стартаплар, венчур инвестициялар ва IT соҳасидаги имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, сертификатлаш бўйича Ўзбекистон тадбиркорлари иштирокида онлайн учрашув ўтказиш ҳамда устувор йўналишлар бўйича доимий мулоқотни йўлга қўйишга келишилди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА