Ўзбекистон ва ЖСТ: аъзолик сари қандай қадамлар ташланмоқда?
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳ раиси Сунг-Ё Чой ва ташкилотнинг аъзо бўлиш масалалари департаменти директори Маика Ошикава иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев иштирок этган тадбирда мамлакатимизнинг ЖСТга қўшилиш жараёни, иқтисодий ва қонунчилик ислоҳоти, шунингдек Ўзбекистон – Корея Республикаси ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.



Шунингдек, университетда халқаро савдо ва савдо дипломатияси бўйича мутахассислар тайёрлаш, хусусан “Халқаро савдо ҳуқуқи” таълим йўналишини ривожлантириш билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар ҳам билдирилди. ЖИДУ ва ЖСТ ўртасида қўшма илмий тадқиқот, халқаро конференция ҳамда экспертлар учрашувлари ташкил этиш истиқболига ҳам эътибор қаратилди.
Учрашувдан сўнг талабалар ЖСТ вакилларининг халқаро савдо ва Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш жараёнига бағишланган маърузасини тингладилар.
Мусулмон Зиё, ЎзА