Ўзбекистон ва Жанубий Корея: Рақамлар ортидаги стратегик ҳамкорлик
2026 йил дастлабки етти ойи якуни бўйича Миллий статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган маълумот Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасидаги алоқаларнинг бугунги ҳолатини очиб беради.
Рақамлар ўзаро шериклик мустаҳкамлигини кўрсатиш билан бирга, савдо мувозанатидаги муҳим тенденцияни ҳам намоён этган.
Савдо айланмаси ва импорт устунлиги
Январь-июль ойларида икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 1,1 миллиард долларни ташкил этди. Савдо таркибига назар ташланса, сезиларли тафовут кўзга ташланади: Ўзбекистон экспорти 37,5 миллион доллар, Жанубий Кореядан амалга оширилган импорт қиймати эса 1 037 миллион доллар. Номувофиқлик мамлакатимиз иқтисодиёти ҳамкор юрт юқори технологияли асбоб-ускунаси, машинасозлиги ва саноат маҳсулотларига юқори эҳтиёжимиз билан изоҳланади.
Инвестиция ва бизнес
Мазкур тафовутни Корея Республикасининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритаётган сармояси ва саноатимиздаги иштироки қисман тўлдиради. Январь-июнь ойларида бу ўлкадан 216,4 миллион доллар сармоя ва кредит ўзлаштирилган. 1 август ҳолатига кўра, диёримизда корейс капитали иштирокида 730 корхона фаолият юритмоқда. Демак, Жанубий Корея тадбиркорларининг бозоримизга ишончи барқарор.
Туризм ва таълим соҳаларидаги алмашинув
Гуманитар ва туристик алоқа ҳам изчил ривожланмоқда. Дўстона муносабат туфайли сайёҳлар ва талабалар оқими икки томонлама фаолликни кўрсатмоқда:
Туризм (январь-июль): Жанубий Кореядан Ўзбекистонга 26 512 сайёҳ келган, Ўзбекистондан Кореяга 20 073 фуқаро туристик мақсадда сафар қилган.
Таълим: Академик мобиллик бўйича ёшларимиз устун. Кореяда ўқиётган ҳамюртларимиз 1 394 нафар, республикамизда 591 корейс таҳсил оляпти.
Хулоса шуки, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабат фақат товар айланмаси билан чекланмайди: сармоявий, академик ва сайёҳлик йўналишларида ҳам шериклик жадал ривожланмоқда.
Фардона Яхшибоева, ЎзА