Ўзбекистон ва Хитой: замонавий зарядлаш инфратузилмаси ривожлантирилади
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов ва “China Southern Power Grid” компанияси раҳбари Ван Ци ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон - Ҳонг Конг иқтисодий форуми доирасида ташкил этилган мулоқотда мамлакатимизда замонавий электромобиллар учун зарядлаш инфратузилмасини ишлаб чиқариш ва жорий этиш, шу йўналишда технологик ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хитойнинг “China Southern Power Grid” компанияси энергетика ва электр тармоқлари соҳасидаги дунёдаги йирик операторлардан бири ҳисобланади. У 270 миллиондан ортиқ истеъмолчига хизмат кўрсатиб, “ақлли” энергетика тизимлари, электр тармоқларини рақамлаштириш ҳамда электромобиллар учун зарядлаш инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Шу билан бирга, жаҳонда электромобиллар сони ортиб бораётгани сабабли замонавий зарядлаш инфратузилмасига бўлган эҳтиёж ҳам кучаймоқда. Бу борада Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги технологик ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Учрашув якунида томонлар мазкур йўналишда ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА