Ўзбекистон ва Хитой қўшма лойиҳаларни кенгайтиришга келишиб олди
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда икки мамлакат ўртасида саноат кооперацияси ва давлат харидлари соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, илғор тажрибаларни жорий этиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Агентликнинг асосий фаолият йўналишлари, ваколатлари ҳамда мамлакатимизда саноат кооперацияси ва давлат харидлари тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, 2030 йилгача давлат харидлари тизимини ривожлантириш стратегияси доирасида белгиланган устувор мақсад ва вазифалар юзасидан тақдимот ўтказилди.

Музокаралар чоғида томонлар саноат кооперацияси ва давлат харидлари соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш имкониятларини атрофлича кўриб чиқди. Хусусан, халқаро экспертлар ва маслаҳатчиларни жалб этиш, ўзаро тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш, қўшма семинарлар, малака ошириш курслари ва тренинглар ташкил этиш, давлат харидлари ҳамда саноат кооперацияси тизимини халқаро илғор тажрибалар асосида комплекс таҳлил қилиш йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, истиқболли инвестиция ва кооперация лойиҳаларини амалга оширишда молиявий ҳамда экспертлик кўмагини йўлга қўйиш, амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш, қўшма лойиҳалар портфелини шакллантириш, уларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда навбатдаги ишчи учрашувларни ташкил этиш бўйича келишувга эришди.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай мулоқотлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, замонавий бошқарув тажрибаларини жорий этиш, давлат харидлари тизими самарадорлигини ошириш ва саноат кооперациясини ривожлантиришга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА