Ўзбекистон ва Хитой ўртасида товар айирбошлаш 17,8 миллиард долларга етди
Шу кунларда Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ҳузуридаги Тараққиёт тадқиқотлари маркази директори Лу Хао бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди. Меҳмонлар турли идора ва вазирликларда учрашувлар ўтазиб, мутасадди раҳбарлар билан мулоқотлар олиб бормоқда.
Ана шундай учрашувлардан бири инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан бўлиб ўтди.
Музокара давомида томонлар ўзаро муносабат мисли кўрилмаган юқори даражага кўтарилгани, янги даврдаги барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик хусусиятига эгалигини алоҳида таъкидладилар. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик самарадорлигини ошириш мақсадида эксперт-таҳлилий алоқаларни янада чуқурлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Яшил энергетика, саноат, сувни тежаш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилинди.
Учрашув якуни бўйича биргаликда ечимлар ишлаб чиқиш ҳамда муҳим йўналишларда икки томонлама алоқани мустаҳкамлашга қаратилган тизимли шерикликни йўлга қўйишдан ҳар икки томон манфаатдор экани таъкидланди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, 2025 йил Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш 17,8 миллиард долларга етди. Жорий йил январь-февраль ойлари ҳолатига кўра, ўзаро савдо қиймати 3,19 миллиард долларни ташкил этди. Экспорт кўрсаткичи 13 фоиз ўсди.

Мулоқотда савдо-сотиқни янада кенгайтириш, икки томонлама муносабатни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги эътироф этилди.
Делегация аъзолари 3 апрелга қадар мамлакатимизда бўлиб, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида турли учрашувлар ўтказади.
Гўзал Сатторова, ЎзА