Ўзбекистон ва Грузия ўртасида экология соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков бошчилигидаги делегация ҳамда Грузия Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қишлоқ хўжалиги вазири биринчи ўринбосари Нино Тандилашвили раҳбарлигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Видеоконференция форматида ўтган учрашув 2026 йил 3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи доирасида имзоланган экология соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни амалга ошириш масалаларига бағишланди.
Томонлар Меморандумни амалга оширишга қаратилган “Йўл харитаси”ни тайёрлашни муҳокама қилиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олди. Хусусан, чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан, чиқиндиларни алоҳида йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича Грузия тажрибасини ўрганиш, шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали энергия ишлаб чиқарувчи замонавий мажмуаларни барпо этиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, иқлим ўзгариши бўйича Париж битимини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, иссиқхона газлари ташламаларини камайтириш, иқлим ўзгаришига мослашиш ҳамда иқлимни молиялаштириш механизмларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар, шунингдек, ГEФ, ГCФ, БМТ Тараққиёт дастури (УНДП) ва Европа Иттифоқи каби халқаро молиявий институтлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликда қўшма экологик ва иқлим лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқди.
Якунда Меморандум қоидаларини изчил амалга оширишни мувофиқлаштириш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузиш, миллий координаторларни тайинлаш ҳамда мунтазам эксперт маслаҳатлашувларини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳаларида Ўзбекистон–Грузия ҳамкорлигини янада ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини яна бир бор тасдиқлади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА