Ўзбекистон ва Гонконг стратегик иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Бугун, 5 июнь куни Ўзбекистон анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Гонконг Махсус Маъмурий Ҳудуди Ҳукумати ҳамда Гонконг бизнес ҳамжамияти вакиллари ўртасида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Хитой Халқ Республикаси Сянган (Гонконг) махсус маъмурий ҳудуди Администрацияси раҳбари Ли Сзячао бошчилигида ўтган давра суҳбатида икки мамлакат Етакчиларининг Олий даражада эришган келишувлари натижасида саноат, энергетика, инфратузилма, транспорт, кимё, қишлоқ хўжалиги ва юқори технологиялар соҳаларида йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик ва жадал ривожланаётган бозор сифатида хорижий инвесторлар учун юқори даромад келтирувчи ва хавфсиз инвестиция маконига айланди.
Мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, ҳамкорликни молия ва инвестициялар, инновациялар, рақамли технологиялар, тоғ-кон саноати, аграр, транспорт ва логистика, энергетика, фармацевтика сингари қатор йўналишларда истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Тадбир якунида имзоланган ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.
Дилдора Дўстматова, ЎзА