Ўзбекистон ва Франция таълим соҳасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда
Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов бошчилигидаги делегация Франциянинг Ницца шаҳрида жойлашган Франкофония институти директори Ян Либрати билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида икки томон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган Англашув меморандуми имзоланди.
Меморандумга мувофиқ, 2030 йилга қадар Франкофония институти томонидан Ўзбекистонда фаолият юритаётган 1 минг 410 нафар француз тили ўқитувчисининг малакасини ошириш режалаштирилган. Ҳар йили ўртача 300 нафар педагог халқаро малака ошириш дастурларида иштирок этади.
Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири сифатида 910 нафар ўқитувчи учун бепул педагогик стипендия (грант) ажратилиши белгиланган. Ушбу грантларнинг умумий қиймати 1,3 миллион еврони ташкил этади. Бу эса мамлакатимизда француз тили таълими сифатини янада ошириш ва ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, томонлар “Allumer les étoiles” дастури доирасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олди. Дастур доирасида педагогларнинг малакасини ошириш, тренерлар тайёрлаш ҳамда хорижлик чет тили мутахассисларини Ўзбекистонга жалб этиш ишлари амалга оширилади.
Учрашувда яна бир муҳим ташаббус — А.Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти ҳузурида Франкофония институти бюросини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Режага кўра, мазкур бюро Марказий Осиё миқёсидаги минтақавий марказ сифатида фаолият юритиб, француз тили ўқитувчиларининг малакасини мунтазам оширишга хизмат қилади.
Мазкур келишувлар Ўзбекистон ва Франция ўртасида таълим соҳасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, халқаро тажрибани миллий таълим тизимига кенг жорий этиш ҳамда хорижий тиллар, хусусан француз тилини ўқитиш сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА