Ўзбекистон ва Беларусь: Евросиё янги транспорт йўлаклари сари
Глобал савдо занжири ва геосиёсий вазият кескин ўзгараётган бугунги даврда барқарор транспорт йўлакларини шакллантириш давлатлар иқтисодий хавфсизлиги омилига айланди.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги транспорт-логистика ҳамкорлиги янги стратегик босқичга кўтарилмоқда. Товар айирбошлаш ҳажми ортиб бораётган бир пайтда Ҳинд океани портларига чиқувчи муқобил йўллар очиш, соҳада кадрлар тайёрлаш ва юк ташиш тизимини рақамлаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Глобал миқёсда савдо-иқтисодий алоқа трансформацияга учраши, юк оқими географияси ўзгариши таъминот занжири барқарорлигини таъминлай оладиган янги транспорт йўналишларини тақозо этмоқда.
Бугунги кунда транспорт боғлиқлиги халқаро шериклик ва барқарор ривожланишнинг бош мезонидир. Шу боис Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида савдо ва логистика соҳасида самарали муносабат йўлга қўйилди. Икки давлат МДҲ Транспорт мувофиқлаштирувчи кенгаши, Темир йўллар ҳамкорлиги ташкилоти ва ШҲТ доирасида халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш устида фаол иш олиб бормоқда.
Бугунги кунда Беларусь Ўзбекистоннинг энг йирик 10 савдо шериги қаторидан жой олган. Эришилган ижобий суръат натижасида 2025 йил якунига кўра, икки мамлакат ўртасида юк ташиш ҳажми ўтган йилга нисбатан 30 фоиз ўсиб, 850 минг тоннага етди. Юк таркибида ҳозирча Беларусдан импорт қилинадиган ёғоч ва озиқ-овқат устувор. Ўзбекистон экспорти эса асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. Бу икки томонлама юк алмашинувини янада диверсификация қилиш ва ўзбек маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш учун кенг имконият мавжудлигидан далолат.
Айни пайт Евросиё маконида “Шарқ – Ғарб” ва “Шимол – Жануб” йўналишлари бўйича мультимодал транспорт йўлаклари яратиш стратегик аҳамият касб этмоқда. Бу борада уч асосий йўналиш ўзаро ҳамкорлик пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Денгиз портларига чиқувчи муқобил маршрутларни ривожлантириш
“Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон – Ҳинд океани портлари” халқаро транспорт йўлаги устувор лойиҳа сифатида мавжуд муқобил йўллардан 2 баробар қисқа бўлиб, юк етказиб бериш муддатини 2-3 баробар қисқартиради. Лойиҳа МДҲ ва Европа Иттифоқи давлатларини Жанубий Осиёнинг аҳоли зич жойлашган Ҳиндистон, Покистон каби йирик бозорлари билан боғлайди. Айни йўналиш истиқболи амалиётда ҳам ўз тасдиғини топмоқда: 2026 йил биринчи чорагида Ўзбекистон орқали жанубий йўналиш бўйлаб ўтган транзит юк ҳажми 23 фоиз ошиб, 1,8 миллион тоннани ташкил этди. Келажакда ушбу йўлак учун ягона рақамли юк ҳужжати ва техник стандарт жорий этиш режалаштирилган.
Транспорт соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш
Узоқ муддатли шериклик доирасида Беларусь давлат транспорт университети ҳамда Тошкент давлат транспорт университети ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш зарур. Бу мутахассислар малакасини ошириш, талаба ва илмий ходимлар академик мобиллигини таъминлаш ҳамда мультимодал ташиш ва халқаро логистика йўналишида қўшма илмий тадқиқот олиб бориш имконини беради.
Автомобиль ташувида рухсатнома ҳужжатини рақамлаштириш
Икки давлат ўртасида қатнов сони ортиб бораётгани сабабли электрон бланк алмашинуви – “E-permit” тизимини жорий этиш долзарб аҳамиятга эга. Ўзбекистон мазкур тизимни қатор хорижий давлатлар билан муваффақиятли йўлга қўйган. Беларусь билан татбиқ этиш ҳам рухсатнома тақсимотида шаффофликни таъминлайди ва инсон омилини бартараф этади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги транспорт-логистика ҳамкорлиги оддий юк ташиш кўрсаткичини оширишдан ташқари, чуқур стратегик мазмун касб этмоқда. Денгиз портларига чиқувчи мультимодал йўлаклар барпо этиш, рақамли ечимлар топиш ва кадрлар салоҳиятини юксалтириш икки давлат географик жойлашувини жиддий рақобат устунлигига айлантиради, бутун Евросиё маконида барқарор иқтисодий боғлиқликни таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистика ривожланиш муаммоларини ўрганиш маркази бўлим бошлиғи Дилдора Ибрагимова тақдим этган маълумот асосида ЎзА мухбири Фардона Яхшибоева тайёрлади.