Вена шаҳрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Aвстрия ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилиши ва бизнес-форум бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов, Aвстрия Федерал Меҳнат ва иқтисодиёт вазирлиги бош директори Флориан Фраушер, ушбу мамлакат Иқтисодий палатаси вице-президенти Филипп Гади, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек икки давлат ишбилармон доираларининг 100 дан ортиқ вакили иштирок этди.
Йиғилишда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликка оид долзарб масалалар, шунингдек саноат кооперациясини ривожлантириш чоралари муҳокама қилинди.

Кенг кўламли ислоҳотлар, қулай сармоявий муҳит туфайли Aвстрия компанияларининг мамлакатимиз бозорига қизиқиши юқори экани таъкидланди. Кўп қиррали шерикликни чуқурлаштириш учун фойдаланилмаётган кенг имконият мавжудлиги таъкидланди.
Инвестиция жалб қилиш механизми, мавсумий туризмни ривожлантириш, “яшил” технологияни жорий қилиш, муқобил энергетика, тоғ-кон саноати, инфратузилма ва темир йўлни модернизация қилиш, тиббий асбоб-ускуна етказиб бериш, чорвачиликни ривожлантириш каби муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди. Aвстрия томони мазкур соҳалар бўйича 20 дан зиёд таклиф билдирди.

Имзоланган якуний баённомада яқин келажакда икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги баён, Ҳаво қатнови тўғрисидаги битим, Aвстриянинг Ўзбекистонда ташқи савдо ваколатхонасини очиш, ўзаро савдо тўғрисидаги ахборот базасини ятакомиллаштириш, йирик компанияларнинг ҳар икки давлатдаги кўргазмаларда иштирокини таъминлаш тўғрисидаги келишувлар акс этди.
Бизнес-форум доирасида Ўзбекистонда кимё ва тоғ-кон саноати, фармацевтика, геология, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилган муваффақиятли қўшма лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Аниқ лойиҳаларга Aвстрия назорат банки ва бошқа етакчи компаниялар томонидан молиявий ресурс жалб қилишга келишилди.

“B2B” ва “G2B шаклидаги учрашув ва музокаралар якунида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма йўл харитаси шакллантирилди. Ҳужжатда эришилган келишувлар ижросини мониторинг қилиш механизми ҳам аксини топди.
Ташриф доирасида Aвстриянинг йирик компаниялари раҳбарлари билан ҳам музокара олиб борилди. Конструктив фикр алмашиш чоғида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, чорвачилик, ёнғинга чидамли шиша ва изоляция материаллари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширишга келишилди.
Бир сўз билан айтганда, австриялик компанияларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқиши юқорилиги, мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларида истиқболли қўшма лойиҳаларга сармояларни сезиларли даражада кўпайтиришга тайёрлиги кузатилди.
ЎзА