Ўзбекистон вa Австрия: кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Олий таълим, фан вa инновациялар вазирлиги, Касбий таълим агентлиги ҳамда Австриянинг Кремс Амалий фанлар университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум меҳмондўстлик, туризм менежменти, меҳмонхона бошқаруви ва сервис соҳалари учун халқаро стандартларга жавоб берадиган малакали кадрлар тайёрлаш, таълим муассасаларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда касбий ва олий таълим тизимини модернизация қилишга қаратилган.
Ҳужжат доирасида Бухоро давлат университети ва Наманган давлат техника университетларида туризм ва меҳмонхона бошқаруви йўналишида қўшма факультет очилади.

Ушбу дастур «3+1» форматида жорий этилиб, бунда юқорида кўрсатилган олий таълим муассасаларида 3 йил ўқиган талабалар 1 йил Кремс Амалий фанлар университетида ўқишини давом эттириб, Халқаро туризм бакалаври дипломига эга бўлади.
Австрия тажрибаси асосида Бухоро туризм ва маданий мерос техникуми ҳамда Наманганнинг Чортоқ тумани 1-сон техникуми негизида дуал таълим дастурлари жорий этиладиган Халқаро меҳмонхона бошқаруви мактаблари ташкил этилади.
Мазкур дастур «2+2» форматида жорий этилиб, биринчи босқичда талабалар икки йил касбий таълимдан сўнг туризм йўналишида Кремс Амалий фанлар университетида туризм бўйича ўқитилади.
Иккинчи босқичда бакалавр дипломига эга талабалар меҳмонхона ва гастрономия йўналишида ўқитилиб, Кремс Амалий фанлар университетида меҳмонхона бошқаруви дипломига эга бўлади.
Австриянинг Земмеринг тоғ-чанғи курорт ҳудудида Ўзбекистондан 10 нафар туризм соҳаси мутахассиси учун тренинг ўтказилади. Тренинг якунида иштирокчилар Австрия туризм мактаблари ва Халқаро туризм академияси сертификатларини олади.
Жорий йилнинг октябрь ойида Бухоро шаҳрида туризм бўйича халқаро симпозиум ўтказиш ва унинг доирасида Австрия классик мусиқасига бағишланган маданий тадбирни ташкил этиш режалаштирилган.
Меморандум уч йил муддатга тузилган бўлиб, уни амалга ошириш доирасида давлат идоралари, олий ва профессионал таълим муассасалари ҳамда соҳа вакиллари ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА