Ўзбекистон ва Арманистон ўртасида ҳуқуқий ахборот соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Қонунчилик ҳужжатларини яратиш билан бир қаторда уларни тизимлаштириш, мазмунан қайта ишлаш, таржима қилиш ва фойдаланувчиларга қулай шаклда тақдим этиш ҳам ҳуқуқий ахборот тизимининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Бу йўналишда рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ва хорижий тажрибани ўрганиш соҳани янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказига Арманистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Официальные ведомости” ёпиқ акциядорлик жамияти делегацияси ташриф буюрди.

Мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад ҳуқуқий ахборот соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишга қаратилган.
Учрашувда Арманистон делегацияси вакилларига “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказининг фаолияти, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга юридик ва техник ишлов бериш жараёнлари, шунингдек, соҳада қўлланилаётган замонавий ахборот технологиялари ҳақида маълумот берилди.
Мулоқот доирасида “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ва “Официальные ведомости” ёпиқ акциядорлик жамияти ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат ҳуқуқий ахборот соҳасидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, қонунчилик базаларини техник жиҳатдан такомиллаштириш, қонунчилик ҳужжатларини таржима қилиш ва нашр этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Шунингдек, хорижий делегация аъзолари марказнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга юридик ишлов бериш ва техник ишлов бериш бўлимлари фаолияти билан танишди. Уларга қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш, юридик қайта ишлаш ва мазкур жараёнларда қўлланилаётган амалиётлар намойиш этилди.
Марказ ахборот хизматига кўра, Арманистон делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи 20 сентябрга қадар давом этади. Ташриф дастуридан ҳуқуқий соҳани рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам ўрин олган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА