Ўзбекистон – улкан ўзгаришлар мамлакати
АҚШда тақдимоти бўлиб ўтган “Миллат шавкати” китоби ҳақида
Тунов куни қўл телефоним жиринглади.
– Ассалому алайкум!
– Ваалайкум ассалом, эшитаман...
“Vatan Global Alliance” ташкилотидан қўнғироқ қилишаётган экан.
– Сизни раисимиз Озоджон Солиевнинг топшириғи билан безовта қиляпмиз. Филадельфияда “Миллат шавкати” китобининг тақдимоти бўлиб ўтади. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатидан меҳмонлар келиши кутилмоқда. Сизни ушбу тадбирда иштирок этишга таклиф қиламиз. Ҳозир китобнинг электрон нусхасини Telegram орқали юборамиз, – дейишди.
Мен таклиф учун миннатдорлик билдириб, гўшакни қўйдим. Орадан бир неча дақиқа ўтар-ўтмас, китобни юборишди.

Делегация келар экан, демак, меҳмонлар орасида ёзувчи ҳам бўлади ва унинг ижодий учрашуви ўтказилса керак. Шундай экан, менга янги роман ёки қисса юборишибди-да. Мен шундай, деб ўйладим. Компьютерни ёқдиму, китобни очдим... Тез орада адашганимни англадим.
Қўлимдаги асар роман ҳам, қисса ҳам эмас эди. Бу бутунлай бошқача бир китоб экан. Мен уни ҳам кўзгу, ҳам компас деб атаган бўлардим. Кўзгу – чунки уни ўқир экансиз, беихтиёр ортга назар ташлайсиз, бошдан кечирганларингизни, мамлакат тарихини, оғир йилларимиз, хатоларимиз, кечинмаларимиз ва умидларимизни эслайсиз. Компас – чунки китоб бизни бугун қаерга кетаётганимиз ва Ўзбекистоннинг эртанги кунини қандай кўришни истаётганимиз ҳақида мушоҳада қилишга ундайди.
Айрим саҳифаларни ўқиб, умримни бошқатдан яшагандек бўлдим.
Ёшим 70 га бориб қолган. Самарқандда туғилганман. Тошкент алоқа институтини тамомлаганман. Ўз фикримга ва таққослаш ҳуқуқига эга бўлиш учун етарлича яшаб қўйдим. Шу боис “Миллат шавкати” китобини ўқир эканман, кўз ўнгимда ўтмиш манзаралари, айниқса, сўнгги ўн йилда рўй берган воқеалар беихтиёр жонланди.
Китобда замонавий Ўзбекистон ҳаётидан кўплаб мисоллар келтирилган. Муаллиф бўлиб ўтган воқеалар ҳақида очиқ ва тўғридан-тўғри гапириб, “Кеча нималарга эга эдигу бугун қандай ютуқларга эришдик?”, “Келажакда қандай йўлдан боришни мақсад қилганмиз?” каби оғир саволларни ўртага ташлашдан қўрқмайди.
Айнан шунинг учун ҳам оддий китобхон сифатида китоб муаллифи – таниқли давлат арбоби, сиёсатшунос, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қудратилла Рафиқовга самимий миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Аввало, самимияти, қатъий фуқаролик позицияси, воқеаларни юзаки эмас, балки ривожланиши ва ўзаро алоқадорлигида кўриб чиқишга интилгани учун ташаккур.
Вақт оқар сувдек ўтиб бормоқда. Кундалик ҳаёт ташвиши ва юмушлари ичида юриб, инсон ўзгаришларга кўникиб қолар экан. Кечагина деярли имконсиз туюлган нарса бугун оддий бир ҳолдек қабул қилинади. Биз ҳар бир янги корхона, йўл, мактаб, халқаро шартнома, иқтисодий ислоҳот ёки спортдаги ютуқлар ортида қанча меҳнат ётгани ҳақида камдан-кам ўйлаймиз.
Ҳеч нарса ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Катта ўзгаришлар замирида доим инсон меҳнати, билими, шижоати, масъулияти, соғлиғи, баъзан эса бедор тунлари туради.
Авраам Линкольннинг машҳур бир гапи бор: “Келажакни башорат қилишнинг энг яхши йўли уни яратишдир”.
Мен бу фикрнинг маъносини чуқур англайман. Дарҳақиқат, келажакни шунчаки кутиб ўтириб бўлмайди. Уни ўз қўлларимиз билан қуришимиз керак. Бугунги кунни қадрлаш, масъулиятдан қўрқмаслик ва эртанги кун бугундан бошланишини ёдда тутиш лозим.
“Миллат шавкати” китобини ўқиб, менинг ҳам ортга бир назар ташлагим келди. Ахир, халқимиз кўп нарса қиёсда билинади, деб бежизга айтмайди.
Кўп нарсани ўзгартирган ўн йил
Ўзбекистон ҳаётининг сўнгги ўн йиллигига назар ташлар эканмиз, юз берган ўзгаришлар кўламини кўрмаслик қийин. Гап фақат битта йўналиш ҳақида кетаётгани йўқ. Ташқи сиёсат, иқтисодиёт, қўшни давлатлар билан муносабатлар, бизнес учун шароитлар, транспорт, маданият, туризм, таълим, спорт – барчаси ўзгарди.
Албатта, ҳамма ўзгаришларни бир мақолада санаб ўтишнинг имкони йўқ. Шу боис, узоқ вақтдан бери Ватандан йироқда яшайдиган ва рўй бераётган ҳар бир воқеага олисдаги ватандош нигоҳи билан қарайдиган инсон сифатида мен учун яққол сезилган жиҳатларга тўхталиб ўтаман.
Қўшнилар яна яқинлашди
Мен, айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатлардаги ўзгаришларни муҳим деб ҳисоблайман.
Яқин-яқингача қўшнилар ўртасида чегаралар ёпиқ, кўплаб чекловлар, борди-келди ва ўзаро мулоқотда қийинчиликлар бўлганига бугун ишониш қийин. Баъзан одамга қўшни республикадаги қариндошини кўриб келишдан кўра минглаб километр олисга бориш осонроқ эди.
Сўнгги йилларда кўп нарса ўзгарди. Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан муносабатлари мустаҳкамланди.
Бунинг замирида фақат сиёсат ётгани йўқ. Бу асрлар давомида ёнма-ён яшаб келган халқлар ҳаётининг табиий ришталари қайта тикланишидир.
Ота-боболаримиз “Хурсандчилик ёки кулфатда олдинга биринчи бўлиб олисдаги қариндошинг эмас, қўшнинг етиб келади”, деб бежиз айтишмаган. Бу сўзларда бутун бир фалсафа мужассам.
Айнан шунинг учун Марказий Осиёдаги ўзаро ҳурматга асосланган яхши қўшничилик муносабатлари бутун минтақа келажаги учун ғоят катта аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро майдонда ҳам анча фаоллашди. Мамлакатимизга Марказий Осиё, МДҲ мамлакатлари, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Туркия, Эрон, Европа ва Яқин Шарқ давлатларининг етакчилари ва ҳукумат раҳбарлари ташриф буюрди.
Ўзбекистонда халқаро анжуман, форум ва саммит, шу жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмаларнинг тадбирлари ўтказилди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон тобора дунё эътиборига тушмоқда.
Иқтисодиёт: одамлар ўз ҳаётида ҳис қилган ўзгаришлар
Менинг замондошларим яхши эслайдиган нарсалар бор. Масалан, валюта конвертацияси. Бир пайтлар банк орқали хорижий валютани расман сотиб олиш ниҳоятда қийин эди. Одамлар конвертацияни ҳафталаб, ойлаб кутишарди. Натижада фуқаролар учун ҳам, тадбиркорлар учун ҳам ноқулай бўлган бутун бир муқобил тизим юзага келганди.
2017 йилда валюта бозори эркинлашди ва вазият тубдан ўзгарди.
Бугун бу ҳолат табиий ҳолдек қабул қилиниши мумкин. Аммо ўша йиллар билан қиёсланса, ўзгаришлар яққол кўринади.
Яна бир мисол – пахта терими. Кўп йиллар давомида пахта терими деярли умумхалқ мажбуриятига айланиб қолганди. Далаларга талабалар, бюджет ташкилотлари, корхона ва муассасалар ходимлари жўнатиларди.
Бу амалиётдан воз кечилиши сўнгги йиллардаги муҳим ўзгаришлардан бири ва айни пайтда инсон меҳнатига янгича муносабатнинг ифодаси бўлди.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда кенг кўламли иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар амалга оширилди, хорижий сармоялар фаол жалб этилиб, янги корхоналар ташкил этилди, инфратузилма ривожлантирилди. Тўғри, муаммолар ҳам йўқ эмас. Уларнинг барчаси ҳал этилди, десак нотўғри бўлади. Бироқ тараққиёт йўлида дадил одимлаётганимизни ҳам тан олмаслик адолатдан бўлмайди.
Тинчлик ҳимояланганликдан бошланади
Мамлакатнинг мудофаа салоҳиятига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Тинчликни истасанг, уни ҳимоя қилишга тайёр бўл, деган гап бор. Шу маънода, қуролли кучлар уруш учун эмас, аввало, уруш уйимизга кириб келмаслиги учун керак.
Бугун Ўзбекистон кучли армия, замонавий мудофаа тизими ва катта ҳарбий салоҳиятига эга. Мураккаб минтақада жойлашган давлатимиз учун бу миллий хавфсизлик, мустақиллик ва халқ осойишталиги масаласидир.
Маданият, маънавий мерос ва туризм
Ўзгаришлар тарихий ва маънавий меросга бўлган муносабатда ҳам акс этмоқда.
Ўзбекистон ноёб бойликларга эга. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз шунчаки шаҳарлар эмас. Улар жаҳон тарихининг саҳифаларидир. Бугун улар бутун дунё эътиборида.
Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилди. Юртимиздан етишиб чиққан буюк олим ва мутафаккирлар меросига катта эътибор қаратилмоқда. Улар орасида номи бутун мусулмон оламига машҳур бўлган буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий алоҳида ўрин тутади.
Унинг Самарқанд яқинидаги мақбараси ва ёдгорлик мажмуаси мамлакатнинг энг йирик маърифат марказларидан бирига айланмоқда. Самарқандлик бўлганим учун турли мамлакатлардан миллионлаб одамлар юртимизга нафақат сайёҳ, балки буюк аллома хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун зиёратчи сифатида ҳам келаётгани мени қувонтиради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонга сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошди. “Миллат шавкати” китобида 2025 йилда юртимизга 11,7 миллион, 2026 йилнинг дастлабки етти ойида эса 7,75 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюргани ҳақида маълумотлар келтирилган. Бироқ бу рақамлар ортида кенг кўламли ўзгаришлар бор. Бу — янги меҳмонхона ва ресторанлар, ҳунармандлар, музейлар, савдонинг ортиши, янги иш ўринлари ва дунёнинг Ўзбекистон ҳақидаги янги тасаввуридир.
Бугун меҳмонларни замонавий аэропортлар, “Афросиёб” тезюрар поездлари, шаҳарлараро автобуслар, янги меҳмонхоналар кутиб олишга шай. Лекин энг мухим жиҳат бўлиб мудом меҳмондўстлигимиз қолади.
“Баракалла, йигитлар!”
Спортдаги ютуқларимизга ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим.
Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига чиққани миллионлаб инсонларга қувонч бағишлаган тарихий воқеа бўлди.
“Баракалла, йигитлар!” дегинг келади.
Лекин гап фақат футболда эмас. Йигит-қизларимиз Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида ғолиб бўлмоқда, бокс, дзюдо, шахмат ва бошқа кўплаб спорт турларида муваффақият қозоняпти.
Ҳар бир ғалаба шунчаки медаль эмас. Ўзбекистон байроғи кўтарилган, мадҳиямиз янграган онларда спортчи бутун дунё олдида Ватанимиз элчисига айланади. Шунда беихтиёр оддий бир савол туғилади: “Бизнинг бошқалардан нимамиз кам?”
Ҳеч нарсамиз! Фақат ишлаш, ишониш ва изланишда тўхтамаслик керак.
Асосий бойлик – ёшлар
Ўзбекистон аҳоли таркибига кўра жуда ёш мамлакат.
Китобда аҳолининг қарийб 40 фоизини йигирма ёшгача бўлганлар, мамлакат фуқароларининг ярмидан кўпини эса ўттиз ёшга кирмаганлар ташкил этиши ҳақида айтилган. Бу – катта куч ва шу билан бирга улкан масъулият.
Ёшларга таълим, касб-ҳунар, иш, оила қуриш имконияти ва келажакка ишонч керак.
Ёшларимиз нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг энг нуфузли хорижий университетларида ҳам ўқиши, тажриба орттириши, замонавий касб ва технологияларни ўзлаштириши муҳим. Аммо бу тажриба пировардида ўз Ватани учун хизмат қилиши ундан ҳам муҳим.
Мен буни уммон тўлқинига ўхшатаман. Тўлқин қирғоққа интилади, ўзи билан катта куч олиб келади ва яна уммонга қайтади. Ёшлар ҳам худди шундай. Майли, йигит-қизларимиз турли мамлакатларга борсин, ўқисин, дунёни кўрсин, дипломлару илмий даражалар олсин, маҳоратини оширсин. Лекин бир кун келиб бу катта кучнинг салмоқли қисми Ватанга қайтиб келсин. Уйлар, корхоналар қуриш учун, одамларни даволаш учун, болаларни ўқитиш учун, илм билан шуғулланиш учун, янги технологияларни ишлаб чиқиш учун ва Янги Ўзбекистонни барпо этишни давом эттириш учун.
Яқинда бир қизиқ маълумотга кўзим тушди. Қорақалпоғистон, Гулистон, Хоразм ва Фарғонадаги тўртта мактаб ўн биринчи синф битирувчиларининг барчаси олий ўқув юртларига кирибди. Агар шундай бўлса, устозларга ҳам, ўқувчиларга ҳам тасанно!
Бундай натижалар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Улар ортида меҳнат, талабчанлик, ўқитувчининг болага бўлган ишончи ва ўқувчининг мақсад сари интилиши ётади. Демак, хоҳиш бўлса, кўп нарсага эришиш мумкин экан.
Бугун Ўзбекистонда нақадар иқтидорли ёшлар вояга етаётганини кўриш жуда қувонарли.
Биз ҳам бир пайтлар ёш бўлганмиз
Бу мавзу мен учун нега муҳим? Сабаби бир пайтлар ўзим ҳам шаҳар ёшлар ташкилотида ишлаганман ва бу мактабдан ўтганимдан бахтиёрман.
Биз ўзимизни битта катта оиладек ҳис қилардик. Умумий ишларимиз, дўстлигимиз, баҳслар, режаларимиз бўларди. Ёшлар корхоналар, шаҳарлар, йўллар қурилишида қатнашарди.
Бугун собиқ комсомол ходимлари ва фаоллари кекса авлод вакилларига айланган. Лекин бизда тажриба, билим, алоқалар, хотира бор. Булар ҳам мамлакатга фойда келтириши мумкин.
Катта авлод ёшлар келажакни қураётганини шунчаки четдан кузатиб турмаслиги керак. Агар маслаҳат, тажриба, билим билан ёрдам бера олсак, нур устига нурдир. Ёшларга буйруқ, панд-насиҳат эмас, айнан ёрдам бериш керак. Чунки улар – келажак эгалари.
Ватанни дуо қилиб...
Халқимизга хос яна бир жиҳат борки, уни, айниқса, Ватандан олисда яшаганингда қадрлай бошлайсан.
Дастурхон атрофида, тушликдан сўнг, оиланинг улуғи қўлларини дуога очади. Бошқалар ҳам унга эргашади ва дуо ўқилади:
«Юртбошимизнинг бошлари омон бўлсин, юртимиз тинч бўлсин, болаларимизнинг келажаги порлоқ бўлсин, меҳнат қилганларга барака берсин, ёмонларга инсоф берсин, ўтган бобокалонларимизнинг руҳлари шод бўлсин, Яратганнинг ўзи ҳаммамизни ўз паноҳида асрасин».
Бу сиёсий шиор эмас. Бу — юрт тинчлиги, оила фаровонлиги ва фарзандлар осойишталигини доимо олий қадрият деб билган халқнинг кўп асрлик анъанаси.
Олдинда ҳали қилинадиган ишлар кўп
Эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмаслик керак. Хотиржамликка берилган заҳотиёқ ривожланиш тўхтайди.
Ҳар бир ҳаракат қарши ҳаракатни келтириб чиқаради. Бу ҳаёт қонуни. Халқимизда “Ҳаракатда – баракат”, деб бежиз айтилмайди. Асосий вазифа бир кун келиб: «Ҳаммасини бажардик», деб эълон қилишдан иборат эмас. Давлат ҳаётида бундай куннинг ўзи бўлмайди.
Муҳими, олдинга юришда давом этиш, хатоларни тузатиш, одамларни тинглаш, танқиддан қўрқмаслик, эришилган ютуқларни сақлаш ва янги марралар сари интилиш керак.
Бугун мен Ўзбекистонни олдинга интилаётган мамлакат сифатида кўраяпман. Бу ҳаракат ҳатто узоқдан — Америкадан ҳам кўзга ташланяпти.
Ватан узоқлашган сари яқинлашади
Эҳтимол, узоқ йиллар юртидан йироқда яшаган инсон Ватанни бироз бошқачароқ идрок этар. Олисда бўлганингда она тили, нон иси, Самарқанд тонги, қадрдон дўст овози, ўзбекча қўшиқ, оддийгина «маҳалла» сўзининг қадрини янада чуқур англай бошлайсан.
Ўз юртинг ҳақидаги китобни минглаб чақирим узоқликда ўқиганингда, саҳифалар бутунлай бошқача қабул қилинади. Кўз олдингда одамлар, воқеалар, шаҳарлар гавдаланади. Ичингда ҳам ғурур, ҳам саволлар, ҳам хавотир, ҳам умид уйғонади. Буларнинг барчаси бир сўз билан Ватан деб аталади.
«Миллат шавкати» китобини ўқиганимда айнан шундай туйғуларни ҳис этдим, китоб тақдимоти менда ана шундай илиқ таассуротлар қолдирди.
Аъзам Аҳроров,
тадбиркор, оптик толали алоқа бўйича мутахассис,
Илҳом Каримов номидаги Тошкент бизнес клуби аъзоси.
ЎзА