Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлиги стратегик шерикликнинг янги босқичига кўтарилди
Олий Мажлис Сенатига Туркия Буюк миллат мажлиси Хавфсизлик ва разведка комиссияси раиси Вейсел Типиўғлу бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев билан учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик истиқболлари ҳамда парламентлараро алоқаларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Томонлар кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг ўзаро ишонч, дўстлик ва очиқ мулоқотга асосланган муносабатлари натижасида Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлиги стратегик шерикликнинг янги босқичига кўтарилганини алоҳида таъкидладилар.
Бу эса савдо-иқтисодий алоқалар, инвестициявий ҳамкорлик, маданий-гуманитар соҳалар билан бир қаторда парламент дипломатияси ривожига ҳам кенг йўл очмоқда.

Учрашувда парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, парламент назорати механизмларини такомиллаштириш ва қўмиталар фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилиб, бу икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар мустаҳкамлашга, ҳар икки давлат манфаатларига хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА