Ўзбекистон туризми халқаро блогерлар нигоҳида
Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги нуфузини янада ошириш, мамлакатнинг бой маданий мероси ва замонавий туризм имкониятларини кенг тарғиб қилиш мақсадида хорижий оммавий ахборот воситалари ва рақамли контент яратувчилари иштирокида махсус пресс-тур ташкил этилди.
Жорий йилнинг 30 май — 4 июнь кунлари Туризм қўмитаси ташаббуси билан Тошкент шаҳри ҳамда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларининг диққатга сазовор масканлари, тарихий обидалари ва замонавий туризм объектларига хорижий блогерлар учун махсус пресс-тур уюштирилди.

Мазкур тадбирда Россия, Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан таниқли блогерлар, контент яратувчилар ҳамда медиа вакиллари иштирок этмоқда. Меҳмонлар мамлакатнинг туризм салоҳияти, миллий маданияти, меҳмондўстлик анъаналари ва ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда.
Пресс-тур давомида иштирокчилар Тошкент шаҳрининг замонавий инфратузилмаси, Фарғона водийсининг бой маданий мероси, ҳунармандчилик анъаналари, гастрономик туризм имкониятлари ҳамда бетакрор табиий масканлари ҳақида турли форматдаги контентлар тайёрламоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади халқаро медиа майдонида Ўзбекистоннинг, айниқса Фарғона водийси ҳудудларининг туристик жозибадорлигини кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар эътиборини мамлакатнинг янги туризм йўналишларига жалб этишдан иборат.

Бундай ташаббуслар Ўзбекистоннинг туризм брендини халқаро майдонда мустаҳкамлаш, мамлакат ҳақида ижобий имижни шакллантириш ҳамда сайёҳлар оқимини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА