Ўзбекистон - Тожикистон муносабатлари тарихий ва муҳим босқичга кирди
Ўзбекистон саноқли давлатлар билан иттифоқчилик муносабатини ўрнатган ва бунда Тожикистон алоҳида аҳамиятга эга. Чунки икки қўшни давлатнинг дини, тарихи бир, қадрияти, урф-одатлари, маданияти, турмуш тарзи деярли ўхшаш. Халқларимиз азалдан бир ариқдан сув ичган, қувонч ва ташвишлари муштарак бўлган, қуда-анда бўлиб яшаган. Яхши кунларда ҳам, синовли дамларда ҳам доимо елкадош бўлиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб келган.
Икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг саъй-ҳаракати билан асрлар синовидан ўтган қўшничилик муносабатлари сўнгги йилларда тарихий босқичга кирди. Бу қуйидаги мисолда ҳам яққол кўзга ташланади: 2017 йилда икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айланмаси ҳажми 70 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2020 йил келиб 500 миллиондан ошди. Ўтган йил якунига кўра, бу рақам қарийб 1 миллиард долларга етди. 2028 йилга бориб, ўзаро савдони 2 миллиард долларга етказиш имконияти бор.

Жумладан, бугун саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика ва бошқа кўплаб соҳаларда қатор кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ҳозирда 500 дан ортиқ қўшма корхона фаолияти йўлга қўйилган. Пойтахтлар – Тошкент ва Душанбе ўртасида ҳафтасига ўнта авиқатнов амалга оширилмоқда. Автобус ва поезд қатновлари ҳам мунтазам йўлга қўйилган. Юк ташиш ҳажми жадал ўсиб боряпти.
Айниқса, икки давлат ўртасида туризм алоқалари юқори суртларда ривожланяпти. Ўтган йили мамлакатимизга қарийб 12 миллион нафар чет эл сайёҳи келган бўлса, уларнинг 2,7 миллионини тожикистонлик туристлар ташкил этди. 1,2 миллион нафардан ортиқ ўзбекистонлик эса ушбу давлатга сафар қилган.
Тожикистон Президентининг 26-27 март кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи эса ўзаро алоқаларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга, жумладан, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини амалий мазмун, илғор ташаббуслар билан янада бойитишга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга бўлди.Зеро, ташриф доирасида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган ўнлаб ҳужжатлар имзоланди.
Энг муҳим, Давлат раҳбарлари 10 та қўшма лойиҳани бошлаб бердилар. Хусусан, бунда Тожикистонда мебель ва чарм маҳсулотлари корхоналарини ташкил этиш, маиший техника ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тўқимачилик қувватларини барпо қилиш, Тошкентда турар жой мажмуаси ва савдо объектларини қуриш ҳамда Фарғона вилоятида консерва маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Шунингдек, Андижон вилоятида сут маҳсулотлари, Сурхондарё вилоятида эса мева шарбатлари ва металл брикетлар ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди.
Икки мамлакат ўртасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, “Марказий Осиё юлюс”, БМТ, МДҲ, Шанҳай ҳамколик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасида бир-бирининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Парламент делегацияларининг ўзаро ташрифлари ҳам мунтазамлик касб этган. Айниқса, парламентдаги дўстлик гуруҳлари доирасидаги алоқалар фаол ривожланяпти. Ўтган йили парламентлар раҳбарияти даражасида дўстлик гуруҳлари ҳамраисларининг учрашувлари бўлиб ўтди. Тегишли қўмита ва комиссиялари ўртасида қатор онлайн маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Таъкидлаш лозим, Ўзбекистонда ушбу ташрифга ҳар қачонгиданда жиддий тайёргарлик кўрилди. Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, ҳудудлар, ректор ва олимлар, ёшлар, таҳлил марказларининг форумлари, Тожикистон маданияти ва киноси кунлари ва бошқа бир қатор муҳим тадбирлар муваффақиятли ўтказилди. Маданий-гуманитар алоқалар халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик кўприги бўлиб қолмоқда. Ҳамкорлик доирасида Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий дўстлиги ҳақида фильм тайёрланди. Янги Тошкентдаги кўчалардан бирига эса Душанбе шаҳри номи берилди.
Ташриф доирасида йиллик тақвим асосида таълим, туризм ва ёшлар йўналишларида фаол алмашинувларни давом эттириш нияти билдирилди. Икки мамлакатдаги йирик ўзбек ва тожик диаспораларини қўллаб-қувватлаш, маданий марказларни кенг ривожлантириш, она тили, анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш мақсадида Маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик бўйича комплекс дастур тайёрланади.
Олий даражадаги навбатдаги Ўзбекистон–Тожикистон саммити, ҳеч шубҳасиз, нафақат икки давлат, балки Марказий Осиёда барқарорлик, хавфсизлик ва изчил тараққиётни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, бугун икки халқда ҳам тарихий ва маданий яқинликни ўзаро ҳурмат ва ишонч, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда янада ривожлантиришга бўлган интилиш борган сари кучаймоқда.
Гўзал САМИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати