Ўзбекистон терма жамоаси Саудия Арабистонини енгди
Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги «Жассим бин Ҳамад» стадионида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Саудия Арабистонига қарши халқаро ўртоқлик учрашувини ўтказди.
Ўйинда Фабио Каннаваро шогирдлари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувнинг 19-дақиқасида Шерзод Эсанов рақиб ҳимоячисининг хатосидан фойдаланиб, ҳисобни очди. 23-дақиқада Фирас Ал-Бурайкан бош билан йўллаган зарбаси орқали мувозанатни тиклади. 35-дақиқада Беҳруз Каримовнинг жарима майдончасига узатган тўпини Шерзод Эсанов дарвозага жойлаб, дубль қайд этди. 39-дақиқада Ҳусайн Норчаевнинг киритган голи ўйиндан ташқари ҳолат сабабли ҳисобга олинмади.
Иккинчи бўлимнинг 50-дақиқасида Аббос Файзуллаевга нисбатан қўпол ўйнаган Али Лажами қизил карточка билан майдондан четлатилди. Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади ва Ўзбекистон терма жамоаси ғалабани сақлаб қолди.

Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА