Ўзбекистон терма жамоаси бугун Эронга қарши ўйнайди
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги ФИФА кунларидан унумли фойдаланиб, халқаро майдонда учта ўртоқлик учрашувида иштирок этади. Жамоамиз ушбу баҳсларда Эрон, Сурия ва Жанубий Корея термаларига қарши майдонга тушади.
Терма жамоамиз бугун Фарғона шаҳридаги «Истиқлол» стадионида Эрон термасига қарши ўйнайди. Ўйин маҳаллий вақт билан соат 19:00 да старт олади.
Ўзбекистон ва Эрон терма жамоаларининг бу галги тўқнашуви олдидан уларнинг ўзаро учрашувлар тарихига назар ташлашни лозим топдик. Шу кунга қадар жамоалар 18 марта куч синашган. Уларнинг 10 тасида Эрон ғалаба қозонган бўлса, Ўзбекистон икки бор рақибидан устун келган. Қолган 6 учрашувда эса ғолиб аниқланмаган.
Ўзаро баҳслар тарихидаги сўнгги учрашув 2025 йил 18 ноябрь куни бўлиб ўтган. Унда ўйиннинг асосий вақти 0:0 ҳисобида якунланган. Пенальтилар сериясида эса Ўзбекистон терма жамоаси ғалаба қозонган.
Эътиборлиси, жамоаларнинг сўнгги икки ўзаро учрашувида атиги битта гол урилган. Эронлик футболчилар эса сўнгги икки баҳсда терма жамоамиз дарвозасини ишғол қила олмаган. Бундан ташқари, Эрон сўнгги олти ўзаро учрашувда Ўзбекистон устидан ғалаба қозона олмаган. Бу баҳсларнинг бештаси дуранг билан якунланган, охирги беш ўйиннинг тўрттасида эса кам голли натижа қайд этилган.

Дарвоқе, футболчиларимиз эронлик рақибларига қарши ўтадиган ўйиндан сўнг, 1 октябрь куни Тошкентда Сурия термасига қарши майдонга тушса, 6 октябрь куни Жанубий Корея майдонида мезбонларга қарши ўйнайди.
Қайд этиш жоиз, мазкур ўртоқлик учрашувлари терма жамоамиз учун муҳим тайёргарлик вазифасини ўтайди. Боиси, Ўзбекистон миллий терма жамоасини 2027 йил бошида Саудия Арабистонида ўтказиладиган Осиё кубоги кутиб турибди.
FIFA кунларидаги баҳслар орқали футболчиларнинг имкониятлари синовдан ўтказилиб, Осиё кубогига тайёргарлик давом эттирилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА