“Ўзбекистон темир йўллари” рақамли бошқарувга ўтмоқда
Тошкент шаҳрида ўтаётган V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ўртасида темир йўл соҳасини рақамли трансформация қилишга қаратилган муҳим келишув имзоланди.
Келишувга мувофиқ, “Транспорт ва магистраль ҳаракатни бошқариш ҳамда кибербарқарорликни ошириш бўйича ахборот тизимларини жорий этиш” лойиҳаси амалга оширилади. Мазкур лойиҳа темир йўл тармоғида бошқарув жараёнларини замонавийлаштириш, ташишларни ташкил этиш самарадорлигини ошириш ва рақамли технологияларни кенг жорий этишни назарда тутади.
Лойиҳанинг асосий мақсади темир йўл инфратузилмасини рақамлаштириш орқали ҳаракат хавфсизлиги, тезкорлик ва бошқарув сифатини янги босқичга олиб чиқишдан иборат. Шунингдек, замонавий ахборот тизимларининг жорий этилиши юк ва йўловчи ташиш хизматларининг сифати ҳамда самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Келишув доирасида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг ахборот-коммуникация инфратузилмасини мустаҳкамлаш, маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш ва кибертаҳдидларга қарши барқарор ҳимоя тизимларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бу эса компаниянинг асосий бизнес жараёнларини узлуксиз, ишончли ва хавфсиз бошқариш имкониятини кенгайтиради.
Мутахассислар фикрича, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакат темир йўл соҳасининг рақобатбардошлигини ошириш, халқаро транспорт йўлакларидаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда рақамли иқтисодиёт талабларига мос замонавий транспорт тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА