Ўзбекистон-Россия: бюджет сиёсати бўйича ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Жорий йилнинг 18-22 май кунлари Россия Федерацияси Молия вазирлиги мутахассислари ишчи ташриф билан пойтахтимизда бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Молия вазирлиги ўртасида амалга оширилаётган икки томонлама ҳамкорлик дастури доирасида ташкил этилган семинарда икки томон вакиллари иштирок этди.
Унда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров, Россия Федерацияси Молия вазирлиги ҳузуридаги Илмий-тадқиқот молия институти (NIFI) директори Глеб Покатович томонлар ўртасидаги ҳамкорлик ва тажриба алмашиш соҳани такомиллаштиришда муҳим эканини қайд этди.
Томонлар давлат молиясини бошқариш тизимига оид масалаларни муҳокама қилди. Жумладан, бюджет жараёнларини такомиллаштириш, молиявий самарадорлик ва очиқликни ошириш, ички аудит, дастурий бюджетлаштириш ҳамда фискал номарказлаштириш соҳаларидаги илғор тажрибалар алмашилди. Таъкидланганидек, бюджет жараёнларининг очиқлиги ва самарадорлигини ошириш, фискал бошқарувни такомиллаштириш ҳамда маҳаллий бюджет тизимини ривожлантириш муҳим масалалар ҳисобланади.
NIFI экспертлари Россия Федерациясида бюджетлараро муносабатлар тизими, молиявий ресурсларни тақсимлаш механизмлари ва бюджетлараро трансфертлар амалиёти бўйича ўз тажрибаларини тақдим этди.
Якунда томонлар давлат молиясини бошқариш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, шаффофликни ошириш ва илғор амалиётларни жорий этиш бўйича фикр алмашди.
Шунингдек, келгусида амалга ошириладиган устувор йўналишлар ва режалар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА