Ўзбекистон Қозонда ҳалол иқтисодиётнинг глобал стандартларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ходимлари Қозонда ўтган SMIIC Бош ассамблеясининг 21-йиғилишида қатнашди. Унда ҳалол маҳсулотлар бозорини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда SMIIC’га аъзо давлатлар ўртасида стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш ва аккредитация соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро стандартларни уйғунлаштириш, ҳалол маҳсулотлар ва хизматлар соҳасида ягона ёндашувларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ташкилот фаолияти сарҳисоб қилиниб, келгуси давр учун устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон SMIIC ташкилотига 2019 йилда аъзо бўлган. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ушбу ташкилотда юртимизнинг манфаатларини ифодалайди. Ўзбекистон учун ушбу ташкилотга аъзолик бир қанча имкониятлар эшигини очади. Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билан сифат инфратузилмаси, халқаро стандартларни ишлаб чиқиш ва ҳалол маҳсулотларни сертификатлаштириш йўналишларида ҳамкорлик қилиш имконини беради.
SMIIC Бош ассамблеясининг 21-йиғилиши Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, миллий сифат инфратузилмасини ривожлантириш, ҳалол маҳсулотлар ва хизматлар бозоридаги имкониятларни кенгайтириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА