Ўзбекистон – Қозоғистон: саноат кооперацияси ва янги инвестициявий имкониятлар
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар кўлами кенгаймоқда.
Қозоғистоннинг “Атамекен” Миллий тадбиркорлар палатаси бошчилигидаги делегациянинг Тошкент шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон–Қозоғистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, “Атамекен” Миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси Канат Шараплаев, давлат идоралари ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, 300 нафардан ортиқ ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.
Форум давомида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди, дейилади Савдо-саноат палатаси маълумотида.
Қайд этилганидек, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 4 миллиард 969 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 11,4 фоизга ошган.
Форумда Қозоғистоннинг қурилиш, агросаноат, енгил саноат, машинасозлик, логистика, тиббиёт, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда бошқа йўналишларда фаолият юритувчи 100 дан ортиқ етакчи компаниялари вакиллари қатнашди.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА