Ўзбекистон Қаҳрамони ўзи ўқиган мактабда бўлди
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Қашқадарёлик Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова ўқувчилик йиллари ўтган, кейинчалик узоқ йиллар ўзи ўқитувчилик қилган Қарши шаҳридаги 5-сонли умумий ўрта таълим мактабига борди.
Муҳаббат Шаропова узоқ йиллар шу мактабда математика фанидан ўқувчиларга сабоқ берган ва кўплаб шогирдлар етиштирган. Математика бўйича мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари қўлга киритаётган ютуқларда унинг ҳам ҳиссаси беқиёс.
Мактабнинг собиқ ўқувчиси ва ўқитувчиси ҳар гал мактабга келар экан, шогирдлар бир пасда ўраб олишади. Устоз мактабдаги таълим жараёни, ўқувчиларнинг ютуқлари билан қизиқади.
– Ҳозир нафақада бўлсамда, барибир мактабдан кўнглимни уза олмайман, – дейди М.Шаропова. – Ўқувчиларни соғинавераман. Шу боис тез-тез келиб тураман, ҳатто баъзан дарслар ҳам ўтаман. Билимдон ўқувчиларнинг ютуқларидан қувонаман. Улар билан шуғулланиб, математик масалалар, мисоллар устида ишласам, енгил тортаман. Узоқ йиллик педагогик фаолиятим давомида таълим тизимининг ҳамма пасту баландини кўрдик. Машаққатли дамлар ҳам кўп бўлди. Лекин давлат раҳбари бошчилигида бугунгидек таълимга эътибор ва ғамхўрлик ҳеч бир даврда бўлмаган. Бундай имконият ва қулайликлардан фойдаланиш, янада юқори марраларни забт этиш керак. Илм олишда озгина дангасалик қилган ўқувчиларни кўрсам, шундай маслаҳатлар бераман.
[gallery-13759]
Аслида ушбу мактабда “устоз-шогирд” анъанаси яхши йўлга қўйилган. Шу боис 5-мактаб миллий рейтинг натижаларига кўра, нафақат вилоятда, балки республикада ҳам юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.
Мактаб ўқитувчиларининг 60 фоизидан ортиғи олий, биринчи ва иккинчи тоифа сертификатига эга. Мана уч йилдирки, битирувчи синф ўқувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 60-70 фоизни ташкил этмоқда. Кўплаб ўқувчилар инглиз тилидан халқаро сертификатларни ҳам қўлга киритган. Ҳар йили мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган фан олимпиадаларининг шаҳар, вилоят, республика босқичлари ғолиблари орасида мазкур мактаб ўқувчилари ҳам бор.
Маълумот учун: мактаб 1955 йилда ташкил топган бўлиб, 720 ўринга мўлжалланган. Бугунги кунда таълим даргоҳида 1 минг 768 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 100 нафарга яқин тажрибали ўқитувчи фан сирларини ўргатиб келмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари.