Ўзбекистон Президенти “Росатом” корпорацияси бош директорини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни “Росатом” атом энергияси бўйича давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилди.
Учрашувда мамлакатимизда илк интеграциялашган атом электр станциясини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш ҳамда илғор технологиялар ва билимлар асосида тегишли инфратузилмани ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлди.

Биринчи реактор биноси пойдеворини қуриш ҳамда атом электр станциясини лойиҳалаштириш ишлари изчил давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, бунда, жумладан, “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкентдаги филиали ҳамда “Росатом” компанияси объектларидаги имкониятлардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, бўлажак АЭС яқинида энергия тежамкор уй-жойлар, замонавий таълим, тиббиёт ва спорт муассасалари ҳамда аҳоли учун қулай ижтимоий инфратузилмага эга атомчилар шаҳарчасини барпо этиш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.