Ўзбекистон – Озарбайжон: умумий манфаатлар ва стратегик ҳамкорликнинг янги имкониятлари
Маълумки, шу кунларда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турибди. Пойтахтимизда олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашадилар, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қиладилар. Музокаралар якунида салмоқли ҳужжатлар тўпламини имзолаш ҳамда қатор иқтисодий ва гуманитар лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган.
ЎзА мухбири мазкур тарихий ташрифнинг аҳамияти, Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари, ҳамкорликнинг ҳозирги босқичи ва истиқболлари хусусида сиёсий фанлар доктори, профессор Сайфиддин Жўраевнинг фикрларини ёзиб олди.

– Аввало айтиш керакки, Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари бугун сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Агар икки давлат ўртасидаги нисбатан фаол мулоқот 2000 йилларнинг бошидан 2010 йилларнинг биринчи ярмига қадар кузатилган бўлса, 2017 йилдан кейин муносабатларда ҳақиқий жадаллашув кузатилди. Айни пайтда сиёсий ишонч, иқтисодий прагматизм ва умумий тарихий-маданий яқинлик икки томонлама ҳамкорликни янги мазмун билан бойитмоқда.
Мамлакатларимиз минтақавий боғлиқликни кучайтириш, иқтисодий шерикликни диверсификация қилиш, транспорт-логистика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва туркий ҳамжиҳатликни ривожлантириш борасида муштарак стратегик манфаатларга эга. Ўзбекистон ва Озарбайжон кўп векторли ташқи сиёсат, суверен прагматизм ва иқтисодий очиқлик тамойилларига содиқлигини амалда намоён этмоқда, дейиш мумкин.
Эътиборлиси, икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий ва институционал асоси ҳам изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, 2021 йилда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, давлат ташрифлари якунлари бўйича қабул қилинган қўшма декларациялар, шунингдек, савдо, транспорт, энергетика ва маданият соҳаларидаги ҳукуматлараро битимлар ҳамкорликнинг узоқ муддатли пойдеворини шакллантирмоқда.
Иқтисодий муносабатларда ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Икки ўлка ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилдаги 100 миллион АҚШ доллари кўрсаткичидан 2024 йилга келиб 400–500 миллион доллардан ошган даражага етди. Томонлар яқин истиқболда ушбу кўрсаткични 1 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсадини белгилаган. Бунинг учун савдо номенклатурасини кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликни кучайтириш ва қўшма лойиҳаларни кўпайтириш муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, Туркий давлатлар ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик ҳам икки мамлакатнинг умумий манфаатларини илгари суриш учун кўп томонлама майдон бўлиб хизмат қилмоқда.

Икки қардош юрт муносабатларининг транспорт ўлчами эса 2022 йилдан кейин глобал логистика занжирларининг кенг кўламда қайта шакллана бошлаши фонида алоҳида стратегик аҳамият касб этди. Айниқса, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши, яъни Ўрта йўлак икки давлатнинг транспорт ва ташқи иқтисодий манфаатларини бирлаштирувчи асосий лойиҳалардан бирига айланмоқда.
Ўрта йўлак Хитойдан Қозоғистон орқали Каспий денгизига, ундан Озарбайжоннинг Алят порти, Грузия ва Туркия ҳудудлари орқали Европага чиқиш имконини беради. Ушбу йўналишда Ўзбекистон Марказий Осиёнинг муҳим ишлаб чиқариш ва экспорт марказларидан бири сифатида коридорнинг шарқий қисмида муҳим ўрин эгаллайди. Озарбайжон эса Алят халқаро денгиз савдо порти ва бошқа инфратузилма объектлари орқали Ўрта йўлакнинг асосий транзит марказларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Ўзбекистоннинг мазкур маршрут бўйлаб контейнер ташувларини кенгайтириши икки мамлакатнинг транспорт соҳасидаги манфаатлари тобора яқинлашаётганидан далолат беради.
Автомобиль ва темир йўл транспорти соҳасида ҳам ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар мавжуд. Томонлар тўғридан-тўғри автомобиль ва темир йўл алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилмоқда. Хусусан, Туркманистон ва Қозоғистон ҳудудлари орқали Озарбайжон темир йўл тармоғига чиқиш имконини берувчи йўналишлар диёримиз учун муқобил транспорт маршрутларини диверсификация қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Авиация соҳасида Тошкент ва Боку ўртасидаги мунтазам авиақатновлар икки пойтахтни боғлаб, ишбилармонлик, савдо ва туризм алмашинуви учун қулай шароит яратмоқда. “Uzbekistan Airways” ва “AZAL” авиакомпаниялари амалга ошираётган парвозлар билан бир қаторда, Самарқанд-Боку ва Андижон–Боку йўналишларини очиш имкониятларининг кўриб чиқилаётгани авиақатновлар географиясини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам икки давлат муносабатларининг истиқболли йўналишларидан биридир. «Яшил энергетика коридори» ташаббуси доирасида Марказий Осиёда қайта тикланувчи энергия манбалари асосида ишлаб чиқарилган электр энергиясини Озарбайжон ва Грузия орқали Европа бозорларига етказиб бериш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Қуёш ва шамол энергетикаси бўйича катта салоҳиятга эга Ватанимиз ушбу тизимда «яшил» электр энергиясининг истиқболли ишлаб чиқарувчиси ва экспортчиси сифатида иштирок этиши мумкин. Бу ҳамкорлик нафақат энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш, балки икки мамлакатнинг яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнини жадаллаштиришга ҳам хизмат қилади.
Таълим ва фан соҳасида Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Миллий университети, Боку давлат университети, Озарбайжон давлат иқтисодиёт университети (UNEC) каби етакчи олий таълим муассасалари ўртасида академик ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Дипломларни ўзаро тан олиш, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг академик мобиллигини ошириш борасидаги ишлар эса гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбек талабаларининг Озарбайжон олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун стипендия дастурларининг амал қилиши, туркология, тарих, иқтисодиёт ва ҳуқуқ соҳаларида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларининг йўлга қўйилиши икки давлатнинг илмий салоҳиятини бирлаштириш учун янги имкониятлар яратади. Келгусида ушбу ҳамкорликни қўшма илмий марказлар, академик дастурлар ва тадқиқот грантлари орқали кенгайтириш мумкин.
Маданий алоқалар ҳам халқларимизни яқинлаштирувчи муҳим омилдир. Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари ва Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунларининг ўтказилиши, ижодий жамоалар ва санъаткорларнинг ўзаро гастроллари, қўшма кинематографик ва адабий лойиҳалар икки мамлакатнинг муштарак маданий меросини намоён этмоқда. Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий ижоди, гиламчилик санъати, меъморчилик ва мусиқа анъаналари каби умумий маданий қадриятлар икки халқ ўртасидаги мулоқотни янада бойитиш учун мустаҳкам асос яратади.
Рақамли трансформация соҳасида ҳам ҳамкорлик учун катта имкониятлар мавжуд. Озарбайжон электрон ҳукумат, давлат хизматларини рақамлаштириш ва «ақлли шаҳарлар»ни ривожлантириш борасида муайян тажриба тўплаган. Ўзбекистон эса «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида кенг кўламли рақамли трансформация жараёнларини амалга оширмоқда. Шу нуқтаи назардан, давлат хизматларини рақамлаштириш, киберхавфсизлик, сунъий интеллект ва IT-индустрияни ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш икки мамлакат учун ўзаро манфаатли йўналишлардан бири бўлиши мумкин.
Парламент дипломатияси ҳам Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларини мустаҳкамлаш ва диверсификация қилишнинг муҳим механизмларидан бири ҳисобланади. Парламентлараро мулоқот икки томонлама шартномаларнинг қонунчилик асосини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий тажриба алмашиш ва янги ҳамкорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси ўртасидаги дўстлик гуруҳлари доирасидаги алоқалар, парламент делегацияларининг ўзаро ташрифлари ҳамда қонун ижодкорлиги соҳасидаги тажриба алмашинуви ушбу йўналишдаги ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисмидир. Шу билан бирга, икки мамлакат Парламентлараро иттифоқ, Туркий давлатлар ташкилоти Парламент ассамблеяси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси каби кўп томонлама парламент платформаларида ҳам фаол иштирок этмоқда. Айниқса, ТДТ Парламент ассамблеяси доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон парламентарийларининг туркий интеграция, транспорт ва иқтисодий ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш масалалари бўйича позицияларини мувофиқлаштириши муҳим аҳамиятга эга. Парламентлар икки томонлама шартнома ва битимларни ратификация қилиш, инвестицияларни ҳимоя қилиш, солиқ ва божхона тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган қонунчиликни қабул қилиш орқали иқтисодий ҳамкорлик учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиши мумкин.
Келгусида икки томонлама ҳамкорлик бўйича доимий фаолият юритувчи Парламентлараро комиссия ташкил этиш, иқтисодий кооперация ва хавфсизлик масалалари бўйича қўшма парламент эшитувларини йўлга қўйиш, шунингдек, аёллар парламент тармоқлари ва ёшлар парламент форумларини ҳамкорликка кенг жалб этиш парламент дипломатиясининг янги имкониятларини очиши мумкин.
Умуман олганда, Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари мустаҳкам сиёсий пойдевор, ўсиб бораётган иқтисодий салоҳият ва чуқур тарихий-маданий яқинликка таянган стратегик шерикликнинг янги босқичига кирмоқда. Ўзаро манфаатли соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун аввало, сиёсий мулоқотнинг барқарорлигини таъминлаш, аниқ иқтисодий ва инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда энергетика соҳасидаги истиқболли ташаббусларни илгари суриш муҳим.
Шу нуқтаи назардан, олий даражадаги мунтазам учрашувлар ва узоқ муддатли икки томонлама ҳамкорлик «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш сиёсий ишончни янада мустаҳкамлаши мумкин. Вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларни мунтазам равишда, жумладан, вазирлар ўринбосарлари даражасида ўтказиш эса икки томонлама кун тартибини оператив мувофиқлаштириш имконини беради.
Инфратузилма, саноат ва «яшил» иқтисодиёт соҳаларидаги устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш ҳам икки томонлама иқтисодий ҳамкорликка янги суръат бериши мумкин. Транспорт-энергетика соҳасида миллий стратегияларни Ўрта йўлакни ривожлантиришнинг ягона кун тартиби асосида мувофиқлаштириш, Марказий Осиё–Озарбайжон–Европа «Яшил энергетика коридори»нинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш жараёнини жадаллаштириш долзарб вазифалардан бўлиб қолмоқда.
Гуманитар соҳада эса йиллик маданий форумлар, ёшлар лагерлари ва қўшма академик дастурларни қамраб олган узоқ муддатли ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш, ТУРКСОЙ ва Туркий давлатлар ташкилоти имкониятларидан умумий туркий маданий меросни халқаро миқёсда тарғиб қилишда кенгроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ, назаримда. Хавфсизлик ва парламент дипломатияси соҳасида киберхавфсизлик, экстремизм ва трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни икки томонлама механизмлар ҳамда ТДТ форматида кучайтириш, шунингдек, парламентлараро ҳамкорликнинг доимий институционал механизмларини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўзаро ҳурмат, иқтисодий прагматизм, умумий тарихий-маданий мерос ва муштарак стратегик манфаатларга асосланган муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқиш учун барча зарур шарт-шароитларга эга. Мазкур омиллар икки давлатга нафақат икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, балки туркий дунё доирасида иқтисод, транспорт, энергетика ва гуманитар интеграциянинг самарали моделини шакллантириш имконини ҳам беради.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА