Ўзбекистон ўз маҳсулотларини қайси давлатларга кўпроқ экспорт қилмоқда?
Миллий статистика қўмитасининг сўнгги ҳисоботларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки икки ойи давомида мамлакат экспорт салоҳияти сезиларли ўсиш суръатларини намойиш этиб, жами 3,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич маҳаллий маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлиги тобора ошиб бораётганидан далолат беради.
Халқаро савдо йўналишларининг географик ҳолатига назар ташлайдиган бўлсак, анъанавий ҳамкорлар билан алоқалар мустаҳкамланиб, янги бозорлар изчил ўзлаштирилаётганини кўриш мумкин.
Хусусан, Россия Федерацияси 679,4 миллион долларлик кўрсаткич билан Ўзбекистон экспортининг энг йирик истеъмолчиси сифатида етакчиликни сақлаб қолди.
Кейинги ўринларни эса Шарқдаги стратегик шеригимиз Хитой (382,2 млн доллар) ҳамда қўшнимиз Афғонистон (289,1 млн доллар) эгаллаб турибди. Ўзбекистон экспорти нафақат минтақавий, балки Европа ва Яқин Шарқ йўналишларида ҳам жадал ривожланмоқда.
Жумладан, Франция (211,1 млн доллар) ва Ирландия (62,4 млн доллар) каби Европа Иттифоқи давлатлари кучли ўнталикдан жой олган.
Шунингдек, Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий интеграция жараёнлари натижасида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ўзаро товар айланмаси юқори даражада сақланиб қолмоқда. Туркия ва БАА билан амалга оширилган савдо амалиётлари ҳам умумий экспорт ҳажмининг салмоқли қисмини ташкил қилиб, мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий алоқаларининг кенгайишига хизмат қилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА