Ўзбекистон мундиалдаги илк учрашувида мағлуб бўлди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси футбол тарихида янги саҳифа очди. Жамоамиз ЖЧ–2026 даги тарихий дебют учрашувини ўтказди.
Мексика пойтахтидаги Estadio Azteca стадионида футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионатининг “K” гуруҳи биринчи тур учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзининг мундиал тарихидаги илк ўйинида Колумбия термасига қарши майдонга тушди. Англиялик таниқли ҳакам Энтони Тейлор бошқариб борган баҳс колумбияликлар фойдасига 3:1 ҳисобида якунланди.
Эътиборли жиҳати, Аббосбек Файзуллаев томонидан киритилган гол Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк голи сифатида қайд этилди. Шу тариқа, футболчимиз миллий футболимиз солномасига ўз номини муҳрлаб қўйди.

Гуруҳнинг яна бир учрашувида Португалия ҳамда Конго Демократик Республикаси терма жамоалари 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Натижада ҳар икки жамоа ўз ҳисобига бир очкодан ёзиб қўйди.
“K” гуруҳи биринчи тур учрашувлари якунига кўра, Колумбия 3 очко билан пешқадамга айланди. Португалия ҳамда Конго Демократик Республикаси термалари 1 очко тўплаб, кейинги ўринларни банд этди.
Энди Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси иккинчи тур доирасида 23 июнь куни Португалияга қарши майдонга тушади. Шу куни Колумбия ва Конго Демократик Республикаси терма жамоалари ҳам ўзаро куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА