Ўзбекистон МДҲ Туризм бўйича кенгашига раислик қилади
Ўзбекистон 2026-2027 йилларда МДҲ га аъзо давлатлар Туризм бўйича кенгашига раислик қилади.
Тегишли қарор Душанбеда бўлиб ўтган Кенгашнинг навбатдаги йиғилишида қабул қилинди. Тадбирда Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон вакиллари иштирок этди.
Раислик давомида мамлакатимиз трансчегаравий туризмни ривожлантиришга, минтақанинг бир нечта давлатларидаги диққатга сазовор жойларни бирлаштирадиган қўшма йўналишларни ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратади. Шу билан бирга, статистика маълумотларининг алмашинувини кенгайтириш, соҳада мутахассислар тайёрлашни фаоллаштириш ҳам кўзда тутилган.
МДҲ Туризм бўйича кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2027 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтади.
Ораш Акабоев, ЎзА