Ўзбекистон – Малайзия: масофа билмас дўстлик
Ҳар бир мамлакатнинг тараққиётида, дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлишида унинг ташқи алоқалари муҳим саналади. Янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида нуфузи ортиб боришида ҳам хорижий давлатлар билан алоқаларнинг тобора мустаҳкамланаётгани алоҳида эътиборга молик.
Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳам узоқ тарихга эга. Хусусан, бу ҳудудда ислом маърифатининг тарқалишида Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк алломалар ва уларнинг маънавий мероси катта ўрин тутади.
Гўзал юрт, меҳмондўст одамлар...
Кейинги йилларда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги олий даражадаги учрашувлар, имзоланган ҳужжжатлар натижасида тарихий алоқалар янада ривожланмоқда. Жумладан, илмий-маърифий соҳаларда ҳам икки томонлама ҳамкорлик тобора кенгаймоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Малайзиядаги бир қатор музейлар, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий масканлар, олим ва мутахассислар билан ҳамкорлик қилиб келади. Ўтган йили Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси ҳамкорлигида Малайзия Ислом санъати музейида мамлакатимиз тарихи ва маданиятига бағишланган фотокўргазма ташкил қилингани, август ойида Тошкент ва Самарқандда ўтказилган халқаро конгрессда малайзиялик бир қатор олимлар иштирок этгани ҳам фикримизнинг далилидир.

Малайзияликлар Ўзбекистонга ҳар доим катта эҳтиром билан ёндашадилар. Малайзия аҳолиси турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан таркиб топганига қарамай, мамлакат ҳаётига, исломий қадриятлар чуқур сингиб кетган. Бу мамлакатнинг турли шаҳар ва қишлоқларида ўзига хос меъморий ечимга эга масжидлар, тарихий ёдгорликларни кўплаб учратиш мумкин.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Малайзияга бу галги сафари ҳам сермаҳсул бўлди. Сафар давомида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда нуфузли илмий-тадқиқот муассасалари, музейлар ва кутубхоналарда юртимиздаги бунёдкорлик ишлари, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалари тарғиботига бағишланган тақдимотлар, илмий-амалий учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Малайзиядаги жавоҳирларимиз...
Куала-Лумпурдаги Малайзия Ислом санъати музейини мамлакатнинг ўзига хос ташрифномаси, дейиш мумкин. Ушбу муассаса асосичиси ва раҳбари Сайид Мухтор ал-Бухорийнинг аждодлари ҳам юз йиллар муқаддам Ватанимиздан бориб, шу заминда ўрнашиб қолишган. Сайид Мухтор жаноблари бугунги кунда мамлакатнинг таниқли тадбиркорларидан бири, айни пайтда илм фан ва маданият шайдоси.
Малайзия Ислом санъати музейи Куала-Лумпурдаги энг йирик музейлардан бири бўлиб, унга 1998 йилда асос солинган. Музейнинг доимий экспозициясига Қуръон ва қадимги қўлёзма манбалар, кулолчилик, қурол-аслаҳа, кийим-кечак, зеб-зийнат ва жавоҳирот, керамика ва нумизматикага оид коллекциялар киради. Уларнинг алоҳида қисмини Ўзбекистон ҳудудида яратилган санъат буюмлари ташкил этган.

Музей мутасаддилари билан Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU)нинг “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида махсус китоб-альбом ҳам тайёрланмоқда.
“Малайзия Ислом санъати музейи тўплами” деб номланган мазкур жилдда музейдан ўрин олган, Ўзбекистон маданий меросига алоқадор тарихий экспонатлар ҳақида сўз боради. Китоб-альбомни тайёрлашда музей масъул ходимлари – доктор Хеба Наил Баракат, Нурул Имон Русли ва Амира Саллеҳ яқиндан ёрдам беришмоқда.
Имом Бухорий ҳақида сериал яратилади
Бугунги кунда Малайзия киноси жаҳон экранлари ва кино мухлислари эътиборини тобора кўпроқ забт этаётир. Айни пайтда икки мамлакат киноижодкорлари ўртасида ҳам ҳамкорлик анча йиллардан бери давом этиб келмоқда. Малайзия кино саноатини ривожлантириш миллий корпорацияси бош директори Азмир Муталлиб билан учрашув чоғида ҳам бу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди.
Маълумки, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилган “Тирик тарих” дастури доирасида бир қанча алломаларимиз, Ватанимиз ўтмишида катта ўрин тутган тарихий шахслар ҳақида фильмлар яратиш кўзда тутилган.
Бу дастурни амалга оширишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази зиммасига ҳам бир қанча ваколат ҳамда вазифалар юклатилган.
Мазкур учрашув чоғида буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳаёти ва фаолиятига бағишланган 30 қисмли сериал суратга олиш бўйича келишувга эришилди. Сериал сценарийси икки мамлакат киноижодкорлари ҳамкорлигида тайёрланади, суратга олиш ишлари ҳам ўзаро ҳамкорликда амалга оширилиши кутилмоқда.

Малайзиянинг TV-Al-Hijrah давлат ислом телеканали ижрочи директори Надзариа Муҳаммад билан учрашув ҳам жуда қизиқарли ва фойдали кечди. Малайзияда Ўзбекистон, Ўзбекистонда эса Малайзия ҳақида қизиқарли кўрсатувлар, видеоконтентлар, фильмлар яратиш лозимлиги таъкидланди.
–Ўзбекистондаги тарихий обидаларга Малайзияда катта қизиқиш билан қаралади, – деди учрашув чоғида Надзариа Муҳаммад. – Телеканалимизда жорий йилнинг Рамазон ойидан Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ва амалга оширилаётган улкан лойиҳалар, Ўзбекистондаги муқаддас қадамжолар ва буюк алломалар илмий-маърифий меросига оид ҳар куни биттадан кўрсатувни эфирга узатиб боришни режалаштирганмиз. Рамазон ойи арафасида Ўзбекистонга суратга олиш гуруҳи юборилиши кутилмоқда.
“Ҳар икки томон учун манфаатли”...
Сафар асносида Малайзиядаги Ислом цивилизацияси институтида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан чоп этилган нашрлар, китоб-альбомлар тақдимоти ўтказилди. Биргаликда илмий анжуманлар ташкил қилиш, ходимларнинг малакасини ошириш, тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, илмий-маърифий нашрлар ва медиалойиҳалар яратиш борасида ҳамкорликдаги ишларни изчил давом эттиришга келишиб олинди.
Куала-Лумпур шаҳридаги Малайзия Исломни англаш институти бош директори Муҳаммад Аъзам бин Муҳаммад Адил билан учрашув ҳам эсда қоларли кечди.
1992 йида ташкил қилинган ушбу халқаро институт Ислом тарихи ва маданияти, мусулмон олимларининг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси, ислом мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни тадқиқ қилиш билан шуғулланади.
Институтда ташкил этилган учрашув чоғида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимиз тарихи ва маданий мероси, Ислом цивилизация маркази фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, мулоқот чоғида Ўзбекистон – Малайзия муносабатлари, икки мамлакатнинг муштарак тарихи ва маданий мероси, бугунги ислом оламида илмий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳақида сўз борди. Музокаралар доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида фильмлар яратиш ва уларни Малайзиядаги медиаресурслар орқали ёритиб бориш хусусида ҳам келишиб олинди.
–Ўзбекистон қадимий цивилизациялар ва буюк алломалар ватани, – деди биз билан суҳбат асносида Муҳаммад Аъзам. – Ушбу заминда яшаган мутафаккирлар, яратилган асарлар нафақат ислом дунёси, балки жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшганини яхши биламиз. Умид қиламизки, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳар икки томон учун манфаатли бўлади.
Қадимий қўлёзмалар нусхаси Ватанимизга қайтди...
Ўзбекистон делегацияси вакиллари Малайзия Исломни англаш институти кутубхонасига “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” ҳамда “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидаги китоб альбомларни ҳадя қилишди.
Ўтган йилнинг декабрь ойи бошларида Малайзия Исломни англаш институти кутубхонасидан Ўзбекистонга оид қўлёзмалар аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Қўлёзмалардан бири, бу аллома Абу Райҳон Беруний қаламига мансуб бўлган "Ат-Тафҳим" асаридир. Само жисмларини ўрганиш масалаларига бағишланган бу асар 1197 йилда кўчирилган. Иккинчи қўлёзма Абулқосим Фирдавсий "Шоҳнома"сининг ўрта асрларда кўчирилган нусхасидир. Қўлёзма настаълиқ хатида темурийлар китобат санъатига хос услубда кўчирилган бўлиб, ундан 29 та миниатюра ўрин олган. Ушбу миниатюраларда Самарқанд мактабига хос унсурлар кўзга ташланади.
Институт вакиллари ушбу нодир қўлёзмаларнинг юқори аниқликдаги электрон нусхаларини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази вакилларига тақдим этишди.
Мазкур файллар асосида қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари яратилиб, Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси, шунингдек, мамлакатимиз ва хориждаги бошқа илмий муассасалар, музей ва кутубхоналарга тарқатиш кўзда тутилган.
Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк алломалар ва тарихий шахсларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси, юртимизда ва хорижда сақланаётган Ўзбекистонга оид маданий мерос ёдгорликлари атрофлича тадқиқ этилмоқда. Марказ вакилларининг Малайзияга қилган бу галги сафари асносида турли учрашувлар, мулоқотлар, илмий мунозаралар ҳам ана шу эзгу мақсадларни амалга оширишда алоҳида ўрин тутади.
Рустам ЖАББОРОВ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси
маркази илмий котиби.
ЎзА