Ўзбекистон маҳсулотлари халқаро бизнес-форумда намойиш этилди
Эрбил шаҳрида қурилиш, энергетика ва HVAC-R (иситиш, вентиляция ва кондиционерлаш) соҳаларига бағишланган "CONSTRUCT IRAQ 2026" 8-халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Кўргазма доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Савдони ривожлантириш компанияси ташаббуси билан ўзбекистонлик тадбиркорлар учун халқаро бизнес-форум ташкил этилди.
Ўзбекистон маҳсулотларини Ироқ ва минтақа бозорларига кенгроқ олиб чиқиш, янги ҳамкорларни жалб этиш ва экспорт географиясини янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган бизнес-форумда 50 дан зиёд маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва экспортчи иштирок этди. Форумда Ироқ ва минтақа бозорининг эҳтиёжлари, экспорт йўналишлари, логистика имкониятлари ҳамда янги ҳамкорлик механизмлари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш лозимки, бугун Ўзбекистон ва Ироқ ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар янги босқичга кўтарилмоқда. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 43 фоизга ошган. Илгари Ўзбекистондан Ироққа амалга оширилган соф экспорт ҳажми йилига 34-50 миллион доллар атрофида бўлган бўлса, бугун ушбу кўрсаткични бир неча баробар ошириш учун янги имкониятлар пайдо бўлмоқда.

Ироқ ҳар йили хориждан қарийб 93 миллиард долларлик маҳсулот импорт қилади. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон қулай логистика ва рақобатбардош нархлардан фойдаланган ҳолда ушбу бозорга 1 миллиард долларгача маҳсулот етказиб бериш салоҳиятига эга.
Эрбил шаҳрида амал қилаётган божсиз савдо режими минтақада маҳсулотларни тақсимлаш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда. Тошкентдан Эрбил ёки Бағдодга автомобиль орқали юк етказиб бериш ўртача 10 иш кунини ташкил этади. Бу омиллар Ўзбекистон маҳсулотларининг минтақа бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Форум давомида тадбиркорларимиз ўз маҳсулотларини тақдим этиб, ироқлик ҳамкорлар билан янги шартнома ва қўшма лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борди.
М.Комилова,
ЎзА