Ўзбекистон-Корея: молиявий бошқарув тизимлари бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ва Корея Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бюджет ва бухгалтерия ҳисобини такомиллаштириш ҳамда инновацияларни жорий этиш бўйича бюроси масъуллари ўртасида учрашув ўтказилди.
Мулоқот давомида томонлар давлат молиясини бошқариш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, бюджет жараёнларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш натижасида самарадорликни ошириш масалалари юзасидан фикр алмашди. Шу билан бирга, инсон омилини камайтириш, қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш ва тизим шаффофлигини таъминлаш каби устувор вазифалар муҳокама марказида бўлди.

Қайд этилганидек, давлат молиясида очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, жамоатчилик ва институтционал назоратни самарали йўлга қўйиш, молиявий маълумотларнинг ишончлилиги ва очиқлигини таъминлаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Учрашув доирасида Ғазначилик хизмати қўмитаси ва Корея фискал ахборот хизмати ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат давлат молиясини бошқаришга оид ахборот тизимларини ривожлантириш, тажриба алмашиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, мазкур келишув ахборот тизимларини интеграция қилиш, мутахассислар малакасини ошириш, инновацион ечимларни жорий этиш ва илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этишни ҳам назарда тутади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА