Ўзбекистон – Хитой: қўшма илмий марказ ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти ва Хитойнинг “POWERCHINA Huadong Engineering Corporation Limited” компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Мазкур келишув доирасида асосий эътибор қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида қўшма илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш, инновацион ечимларни амалиётга жорий этиш ҳамда замонавий энергетика технологияларини ривожлантиришга қаратилган.
Шунингдек, ҳамкорлик орқали халқаро грант ва молиявий дастурларда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, соҳадаги илмий салоҳиятни бирлаштириш ҳамда технологиялар трансфери механизмларини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Лойиҳа доирасида мутахассислар малакасини ошириш, тажриба алмашиш, энергетика тизимларини рақамлаштириш ва интеллектуал энергия ечимларини ривожлантириш бўйича ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилади. Шу билан бирга, инвестиция лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш ҳамда халқаро конференция ва форумларда фаол иштирок этиш орқали янги ташаббусларни амалга ошириш режалаштирилган.
Институт хабарига кўра, меморандум икки томон ўртасида илмий-тадқиқот фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда барқарор энергетика ривожига хизмат қиладиган стратегик ҳамкорликни янада кенгайтиришга замин яратади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА