Ўзбекистон – Ҳиндистон: тарихий дўстликдан кенг қамровли стратегик шериклик сари
Бугун Ўзбекистон ва Ҳиндистон муносабатлари тарихий илдизларга эга дўстликдан замонавий стратегик шерикликнинг янги босқичига кўтарилмоқда. Бу жараён икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг фаоллашуви, савдо-иқтисодий алоқаларнинг жадал кенгайиши, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликнинг чуқурлашуви, инсонлараро алоқаларнинг кучайиши ҳамда халқаро ва минтақавий масалалар бўйича яқин ёндашувларда яққол намоён бўлмоқда.
Маълумки, 29-30 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди. Ташрифнинг ўзиёқ икки давлат муносабатларига берилаётган сиёсий аҳамиятни кўрсатади.
30 август куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокаралар эса муносабатларнинг янги босқичини бошлаб берди. Томонлар Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларини кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга келишиб олдилар. Бу қарор икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг мазмун ва кўлами тубдан кенгайиб бораётганини англатади.

Сиёсий ишончдан иқтисодий манфаатдорликка
Икки ўлка муносабатларининг энг муҳим хусусиятларидан бири – сиёсий ишончнинг тобора кучайиб, унинг аниқ иқтисодий лойиҳалар билан бойиб бораётганидир. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш барқарор ўсиш тенденциясини намоён этмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази қайд этишича, 2016–2025 йилларда Ўзбекистоннинг Ҳиндистон билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4 баробарга ўсиб, 1,3 млрд долларга етган. Экспорт 4,9 баробарга ўсиб, 164,8 млн долларни ташкил этган бўлса, импорт 4 баробарга ўсиб, 1,1 млрд долларгача ошган. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ҳинд капитали иштирокидаги 439 та корхона фаолият юритмоқда. Эътиборлиси, Ҳиндистон Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо ҳамкорлари ўнлигига кирган.
Энг муҳими, 2026 йилги олий даражадаги музокараларда бу кўрсаткич билан чекланиб қолиш эмас, балки уни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш мақсади белгиланди. Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Моди 2030 йилга қадар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйдилар. Бу рақам шунчаки иқтисодий мақсад эмас. У икки давлат бозорларида ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият борлигини кўрсатади.
Айниқса, саноат кооперацияси учун имкониятлар кенг. Томонлар энергетика, электротехника, металлургия, муҳим минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва заргарлик саноатида Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини юқори баҳоладилар. Бу ерда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги стратегик ўрни ва Ҳиндистоннинг улкан ички бозори, технологик салоҳияти ҳамда саноат базаси бир-бирини тўлдириши мумкин.
Таълим – стратегик шерикликнинг инсон капитали
Ўзбекистон ва Ҳиндистон муносабатларининг яна бир муҳим устуни – таълим. Бугун диёримизда Ҳиндистоннинг 4 та университети фаолият юритмоқда. Булар орасида Тошкентдаги Amity University, Андижондаги Sharda University, Жиззахдаги Sambhram University ва Бухородаги Acharya University бор. Бу ўқув масканларининг аҳамияти фақат таълим хизматлари билан чекланмайди. Улар Ҳиндистоннинг замонавий таълим моделлари, рақамли технологиялари, менежмент ва бизнес маданиятини ўзбек ёшлари билан боғловчи кўприк вазифасини бажармоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ҳиндистоннинг “Aid to Uzbekistan” дастури доирасида ўлкамизнинг 15 та олий таълим муассасасида “India Study Centres” ташкил этилган. Самарқанд давлат университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университетида Ҳиндистон маданияти бўйича қисқа муддатли кафедралар ҳам фаоллаштирилган. 2024–2025 йилларда юртимиздан 100 нафардан зиёд номзод ITEC дастурлари доирасида Ҳиндистонда малака ошириб қайтишди.
Демак, икки давлат ўртасидаги таълим ҳамкорлиги энди талабалар алмашинувидан ташқари, илмий тадқиқот, профессор-ўқитувчилар ҳамкорлиги, рақамли таълим, касбий малака ошириш ва инновациялар соҳаларига ҳам кириб бормоқда.
Маданият: тарихий хотирани замонавий мулоқотга айлантириш
Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқларини бир-бирига яқинлаштирадиган энг кучли омиллардан бири – маданий муштаракликдир. Ипак йўли давридаги савдо ва маданий алоқалар, Бобурийлар даври мероси, адабиёт ва санъатдаги ўзаро таъсирлар икки халқ тарихида чуқур из қолдирган.
Замонавий даврда эса бу муносабатлар кинематография, мусиқа, рақс ва йога орқали янада оммалашмоқда. Ҳинд киноси, айниқса Раж Капур ижоди Ўзбекистонда бир неча авлод вакилларига таниш. Қолаверса, Тошкентдаги Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳинд маданияти маркази ҳам маданий дипломатиянинг муҳим платформасига айланган. Марказда ўтган йиллар давомида йога ва “катҳак” рақс машғулотларида мингдан зиёд иштирокчи қатнашган.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳақида сўз борганда, рақс санъатининг алоҳида ўрин тутишини ҳам таъкидлаш жоиз. Зеро, рақс икки халқнинг миллий қадриятлари, тарихи ва эстетик тафаккурини ўзаро англашнинг таъсирчан воситаларидан биридир. Шу маънода, Ўзбекистон давлат хореография академиясининг фаолияти ҳам мамлакатлар ўртасидаги маданий мулоқотни кенгайтириш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.
Бугун академияда миллий рақс санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш билан бир қаторда, халқаро тажриба алмашинуви, илмий-ижодий ҳамкорлик ва замонавий хореография таълимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Академия ректори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, профессор Шуҳрат Тохтасимов раҳбарлигида ўтказилаётган халқаро илмий-амалий анжуманлар ва маданий тадбирлар хореография соҳасида халқаро мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бу тажрибани Ҳиндистон билан муносабатларга татбиқ этадиган бўлсак, академия профессор – ўқитувчилари томонидан тайёрланган “Катҳак” ва “Лазги” рақсларининг эстетик – этнографик хусусиятлари” (А.Ахан, Г.Матёқубова, Ҳ.Ҳамроева), “Хоразм “Лазги” санъати – қадимият дурдонаси” (Г.Матёқубова, Ш.Тохтасимов, Ҳ.Ҳамроева), “Лазги” – муҳаббат ва қалб рақси”( Г.Матёқубова, Ҳ.Ҳамроева) каби монографиялар инглиз ва ҳинд тилларига таржима қилиниб, Деҳлида чоп этилди. Ҳинд ва ўзбек миллий рақс мактаблари ўртасидаги илмий-ижодий алмашинувлар, хореографлар ва ёш ижодкорларнинг ўзаро ташрифлари, қўшма концерт ва мастер-класслар ташкил этилиши икки мамлакатнинг бой рақс анъаналарини янада яқинлаштириши мумкин.
Айниқса, Тошкентдаги Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳинд маданияти марказида юзлаб юртдошларимиз “катҳак” рақсини ўрганаётгани, Андижон давлат педагогика институти олимлари томонидан ёзилган “Андижон полкаси”: анъана ва замонавийлик” (Б.Расулов, М.Артиқова, А.Аллаёров) монографиясининг Жавоҳарлал Неру университетида инглиз тилида чоп этилиши бу йўналишда табиий ҳамкорлик майдони мавжудлигини кўрсатади. 2025 йил ноябрь ойида Ҳиндистоннинг Ранекет штатидаги рақс мактабида “Катхак”, “Лазги”, “Андижон полкаси” рақсларининг халқаро танлови ўтказилди. Эътиборлиси, унда Ўзбекистон халқ артисти, ЎзДХА Урганч филиали профессори Гавҳар Матёқубовага Ҳиндистон Санъат академияси томонидан “Лазги” санъати онаси” номинацияси берилди. Жавоҳарлал Неру университетида ўтказилган халқаро илмий мақолалар танловида Ўзбекистон давлат хореография академияси таянч докторанти Рустам Пардабоев, санъатшунослик йўналиши магистранти Сурайё Исматова, 2 – курс талабаси Ирода Аҳмадова, Андижон давлат педагогика институти таянч докторанти Асрор Аллаёровлар ғолибликни қўлга киритишди.
Кўп миллатли мамлакатларда миллатлараро муроса муҳитини яратишда илмий – маданий ҳамкорлик муҳим ижтимоий – сиёсий аҳамиятга эга. Ўзбекистон давлат хореография академияси сингари умумбашарий қадриятларга эга санъат муассасаларининг халқаро ҳамкорликдаги иштироки Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларини фақат дипломатик ва иқтисодий эмас, балки халқлар ўртасидаги бевосита маданий мулоқот билан бойитиш имконини беради.
Жорий йилги олий даражадаги музокараларда маданият кунлари, концертлар, кўргазмалар, форумлар ва кинофестивалларни мунтазам ташкил этиш ҳамда Маданий алмашинув бўйича беш йиллик дастурни амалга ошириш режалаштирилди. Бу маданий дипломатиянинг бир марталик тадбирлардан тизимли ва узоқ муддатли ҳамкорлик моделига ўтаётганини англатади.
Туризм: тарихий шаҳарлар ва янги авиақатновлар
Туризм соҳаси ҳам икки давлат муносабатларида катта истиқболга эга. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар ҳиндистонлик сайёҳлар учун нафақат Марказий Осиё, балки умумий тарих ва цивилизациялар чорраҳасини англатади.
2025 йилда Ўзбекистон Туризм қўмитаси Ҳиндистоннинг туроператорлари, оммавий ахборот воситалари ва блогерлари учун мунтазам инфотурлар ташкил этди. Жумладан, 11 нафар таниқли ҳинд блогери Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятида бўлиб, мамлакатнинг маданий мероси, миллий таомлари, ҳунармандчилиги ва туристик салоҳияти ҳақида контентлар тайёрлади.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги йирик туризм кўргазмаларида иштирок этиши ҳам бу йўналишдаги фаолликни кўрсатади. 2025 йил февраль ойида Ўзбекистон делегацияси Ҳиндистондаги SATTE халқаро туризм кўргазмасида иштирок этди. Кўргазмада 10 та йирик ўзбек туроператори мамлакатнинг туристик йўналишлари ва янги инфратузилма имкониятларини намойиш қилди.
Туризм учун энг муҳим омиллардан бири – транспорт қулайлиги. Икки давлат ўртасида ҳафтасига 14 та тўғридан-тўғри парвозлар амалга оширилмоқда. Бу нафақат сайёҳлик, балки бизнес, таълим, тиббиёт ва инсонлараро алоқаларни ривожлантириш учун ҳам муҳим инфратузилмавий омилдир.
Рақамли технологиялар ва янги иқтисодиёт
Ҳиндларнинг сўнгги ўн йилликлардаги энг катта ютуқларидан бири – рақамли иқтисодиёт ва IT соҳасининг жадал ривожидир. Ўзбекистонда рақамли трансформация жараёни кучаяётган бир пайтда Ҳиндистон тажрибаси муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, икки давлатнинг янги кун тартибида рақамли боғлиқлик, IT, инновациялар ва технологик ҳамкорликнинг пайдо бўлаётгани табиий.
Бу соҳада ҳамкорликни IT-аутсорсинг, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, финтех, электрон ҳукумат ва стартаплар экотизими каби йўналишларга кенгайтириш мумкин. Айниқса, юртимизнинг ёш ва рақамли технологияларга қизиқувчан аҳолиси ҳамда Ҳиндистоннинг улкан IT индустрияси ўртасидаги кооперация икки мамлакат учун янги иқтисодий қиймат яратиши мумкин.
Ҳудудлараро ҳамкорлик – муносабатларнинг янги таянч нуқтаси
Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларида яна бир муҳим тенденция – марказий ҳукуматлар даражасидаги мулоқотдан ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорликка ўтишдир. Бугун Андижон вилояти ва Гужарат штати, Фарғона вилояти ва Ҳаряна штати, Самарқанд вилояти ва Агра шаҳри ўртасида яқин шериклик алоқалари йўлга қўйилган.
Бу механизм маҳаллий даражада инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, туризм маршрутларини биргаликда тарғиб қилиш, таълим ва маданий алмашинувни кучайтириш имконини беради. Аслида, стратегик шерикликнинг барқарорлиги кўп жиҳатдан унинг фақат пойтахтлар эмас, балки ҳудудлар, компаниялар, университетлар ва фуқаролик жамияти ўртасида ҳам қанчалик чуқур илдиз отганига боғлиқ.
Минтақавий ва глобал кун тартибида муштарак манфаатлар
Мамлакатларимизнинг яқинлашуви фақат икки томонлама муносабатлар билан чекланмайди. Ҳар икки давлат Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий ва транспорт алоқаларини ривожлантиришдан манфаатдор. Ўзбекистон учун Ҳиндистон – Жанубий Осиёнинг улкан бозори ва технологик маркази. Ҳиндистон учун Ўзбекистон – Марказий Осиёга чиқиш имкониятлари, минтақавий барқарорлик ва янги иқтисодий шериклик нуқтаи назаридан муҳим давлат.
Икки мамлакатнинг БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, BRICS ва бошқа кўп томонлама форматларда ўзаро манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлаши ҳам стратегик яқинликнинг муҳим кўринишидир. Шу маънода, Тошкент-Деҳли муносабатларини фақат икки мамлакат ўртасидаги алоқалар сифатида эмас, балки Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги кенгроқ ҳамкорлик архитектурасининг бир қисми сифатида баҳолаш мумкин.
Янги босқич: рақамлардан натижаларга
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар бугун янги сифат босқичига кирмоқда. Бир томонда миллиард долларлик савдо, юзлаб миллион долларлик инвестициялар, тўртта Ҳиндистон университети, ҳафтасига 14 та тўғридан-тўғри авиарейс ва ўнлаб таълим-маданий дастурлар. Иккинчи томонда эса 2030 йилгача савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказишдек улкан мақсад турибди.
Демак, кейинги босқичнинг асосий вазифаси мавжуд кўрсаткичларни шунчаки ошириш эмас, балки уларнинг сифатини ўзгартиришдан иборат. Экспорт таркибини диверсификация қилиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, қўшма корхоналар орқали учинчи бозорларга чиқиш, илмий-тадқиқот ҳамкорлигини кучайтириш, таълим ва IT соҳаларида кадрлар тайёрлаш, туризм оқимини ошириш – буларнинг барчаси 5 миллиард долларлик савдо мақсадини реал иқтисодий мазмун билан тўлдириши мумкин.
Айни шу нуқтаи назардан, Нарендра Модининг жорий давлат ташрифи оддий дипломатик тадбир эмас. У Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларида тўпланган сиёсий ишонч, иқтисодий манфаатдорлик ва маданий яқинликни ягона стратегик форматга бирлаштиришга қаратилган муҳим қадамдир.
Ташриф натижасида муносабатларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтариш бўйича келишувга эришилгани эса бу жараённинг рамзий эмас, амалий мазмунга эга эканини кўрсатади. Мамлакатларимиз олдида энди янги вазифа турибди: асрлар давомида шаклланган дўстликни XXI аср иқтисодиёти, технологияси, таълими ва маданияти билан уйғунлаштириш.
Агар бу салоҳият тўлиқ ишга солинса, Тошкент ва Деҳли ўртасидаги муносабатлар нафақат икки давлат учун, балки Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи янги иқтисодий, маданий ва гуманитар ҳамкорлик модели учун ҳам муҳим аҳамият касб этиши мумкин.
Ҳулкар Ҳамроева,
Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори,
филология фанлари доктори,
ЎзА