Ўзбекистон – Ҳиндистон: Стратегик шерикликнинг янги босқичи
2026 йил 13 май куни Деҳли шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувнинг 17-давраси бўлиб ўтди. Мамлакатимиз делегациясига ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев, Ҳиндистон томонига эса Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сиби Жорж бошчилик қилди.
Дўстона ва кўтаринки руҳда ўтган учрашув давомида томонлар ўзаро стратегик шерикликнинг бугунги ҳолатини атрофлича таҳлил қилиб, сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқа кўламини кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Ахборот технологиялари, фармацевтика, тиббиёт, таълим, туризм ҳамда фуқаро авиацияси йўналишларидаги шериклик изчил ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди. Шу билан бирга ҳудудлараро алоқани фаоллаштириш ва мавжуд салоҳиятдан янада унумли фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Музокара чоғида халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Хусусан, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш муҳокама марказига чиқди. Тадбир якунида томонлар ўзаро манфаатли инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлашга тайёрликларини яна бир бор тасдиқладилар.
Ф. Яхшибоева, ЎзА