Ўзбекистон Глобал жануб Бош ассамблеясида иштирок этмоқда
Боку шаҳрида Глобал жануб Нодавлат нотижорат ташкилотлари платформаси биринчи Бош ассамблеяси иш бошлади.
Бугунги кунда халқаро фуқаролик дипломатияси соҳасидаги муҳим мулоқот майдони сифатида баҳоланаётган, Озарбайжон ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тузилма аъзо давлатлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ривожланаётган мамлакатлар манфаатини халқаро майдонда илгари суриш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги алоқалар кўламини кенгайтириш мақсадини кўзлайди. Расмий маълумотга кўра, мазкур ташаббус туфайли 116 давлатдан 600 га яқин нодавлат ташкилот бирлашган.
БМТ тизими, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус ва академик доира вакиллари иштироки тадбир нуфузини янада оширди. Хусусан, БМТ Жануб-жануб ҳамкорлиги идораси директори Дима Ал-Хатиб, “UN-Habitat” ва UNITAR каби халқаро институтлар раҳбарлари қатнашаётгани платформа шунчаки ННТ йиғини эмас, балки глобал сиёсий ва ижтимоий жараёнга таъсир кўрсатиш имконига эга интеллектуал майдонга айланаётганидан далолат.
Масалан “Глобал жануб: қарашларни мувофиқлаштириш ва стратегик ҳамкорлик” мавзуси муҳокамасида ривожланаётган давлатларнинг халқаро сиёсатдаги ўрни, глобал ресурслар тақсимоти, ижтимоий адолат ва барқарор тараққиёт масалалари атрофлича таҳлил қилинди. Экспертлар фикрича, бугунги геосиёсий ўзгаришлар шароитида ўзаро ҳамжиҳатлик қулай сиёсий ва иқтисодий мувозанатни шакллантирадиган муҳим омилга айланади.
“Инклюзив ривожланиш ва барқарор шаҳар модели” мунозарасида инсон қадрини таъминлаш, шаҳарларни ижтимоий йўналтирилган тарзда ривожлантириш, барча қатламлар учун тенг имконият яратиш масалаларига эътибор қаратилди. Хусусан, Озарбайжон, Хитой, Иордания ва Перудан келган мутахассислар шаҳарсозликка инклюзив ёндашув, ногиронлар ҳуқуқини таъминлаш, экология барқарорлиги ва рақамли инфратузилмани такомиллаштириш тажрибаси билан ўртоқлашди.
Таъкидланишича, форумнинг яна бир муҳим жиҳати фуқаролик дипломатияси тушунчаси амалий механизмга айланаётганида кўринади. Илгари глобал қарорлар асосан давлатлар даражасида қабул қилинган. Энди эса ННТ, экспертлар ва жамоатчилик институтлари ҳам халқаро жараёнга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Демак, бундан буён халқаро муносабатларда жамоатчилик дипломатияси ва интеллектуал ҳамкорлик аҳамияти кескин ортади.
Ўзбекистон учун мазкур форум алоҳида аҳамиятга эга, чунки мамлакатимиз сўнгги йилларда очиқлик, яхши қўшничилик, инсон қадри ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган демократик ислоҳотларни изчил амалга оширмоқда. Бундай халқаро тадбирлар эса республикамизнинг халқаро имижи, интеллектуал салоҳияти ва эксперт ҳамжамияти нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга халқаро алоқаларни чуқурлаштириб, илғор тажриба алмашиш имкониятини оширади.
Гўзал Сатторова, ЎзА