Ўзбекистон – Германия ҳамкорлиги янада ривожланади
Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Конрад Германиянинг Аденауэр жамғармаси бошқаруви раиси Норберт Ламмерт бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Суҳбат аввалида юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва ташаббуси билан давлат бошқарувида парламентнинг роли кучайтирилаётгани, иқтисодий-ижтимоий йўналишларда жиддий ўзгаришга қўл урилаётгани қайд этилди.
Ушбу ҳаракатлар замирида “инсон қадри учун”, “халқ манфаати ҳар нарсадан устун” деган ғоя ётгани таъкидланди.
Йиғилишда, шунингдек, Қонунчилик палатаси фаолияти, норма ижодкорлиги, сиёсий партиялар фракциялари ва қўмита иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди.
Учрашувда сўнгги йилларда икки томонлама муносабат босқичма-босқич ривожланиб бораётгани, мамлакатларимиз ўртасида сиёсий ва иқтисодий соҳадаги мулоқот фаоллашгани ижобий баҳоланди.
Ўз навбатида, Н.Ламмерт самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон – Германия алоқалари, хусусан, парламентлараро муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда бор имкониятини ишга солишини билдирди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга келишиб олинди.
ЎзА